Кейинги пайтларда автомобилларнинг иссиқ ҳавода фараларини ёқиб юриши натижасида уларнинг ёниб кетаётгани ҳақидаги хабарларни кўряпмиз, эшитяпмиз. Хўш, бу қанчалик тўғри? Бундай автомобиль ёнғинлари ҳақиқатан ҳам фараларни ёқиб юриш оқибатида келиб чиқяптими? Бу ҳақда Zarnews.uz “Авто бинокор сервис” МЧЖнинг автомобилларга электр хизмат кўрсатиш устаси Улуғбек Эрдановнинг фикрларини эшитди:
– “Chevrolet Cobalt”, “Chevrolet Lacetti Gentra” ва кейинги пайтларда республикамизда чиқаётган қиммат нархдаги автомобилларнинг фараларидаги ҳимоя воситалари кучли бўлгани сабабли иссиқ ҳавода ҳам уларнинг чироқларини ёқиб юриш зарарсиз. Аммо “Lacetti”, “Nexia” ва ундан арзон турдаги машиналар бунга мослашмаган. Уларнинг чироқларини иссиқ ҳавода узоқ вақт ёқиб юриш ҳимоя ойналарини эритиб юборади. Қолаверса, бу нарса машина аккумулятори ва электр симларини ҳам тез муддатда ишдан чиқаради. Шунинг учун бу турдаги автомобилларга хавфсиз қўшимча чироқ ўрнатиш керак. Акс ҳолда, автомобилларда бундай ёнғинлар тез-тез кузатилиши мумкин.