Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қонунчилик палатаси қўмита раиси Илҳом Абдуллаев, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Шуҳрат Жўраев ва бошқа мутасаддилар иштирокида интервью ва ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири ташкилотчиларнинг ахборот хизмати маълумотига таяниб хабар қилди.
Унда 2019 йил 10 майда имзоланган "Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги Қонуннинг аҳамияти, кўзда тутилган асосий мақсадлари ҳақида маълумот берилди.
Дарё.уз мухбири Regulation.uz сайтида "Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг рус тилидаги варианти қўйилгани ҳақида гапириб, нега ҳужжатнинг ўзбек тилидаги варианти жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаганини сўради.
“Аксарият мутахассисларимиз рус тилида ҳужжат тайёрлашга кўникишган, – деди Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Шуҳрат Жўраев. – Тўғри, янги қонун лойиҳаси рус тилида халқ муҳокамасига қўйилган. Ҳужжат матни муҳокама учун икки тилда тақдим этилмагани биз томонимиздан йўл қўйилган хато, камчилик, тан оламиз. Лекин қабул қилингандан кейин ўзбек тилига таржима қилдик”.