Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Кундузи чироқ ёқиб юришга оид қоида расман кучга кирган кундан то 4 июнь (ушбу талаб бекор бўлган кун)га қадар кундузи чироқ ёқиб юрмаган ҳайдовчиларга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомаларнинг тақдири нима бўлади?
Ушбу саволга жавоб беришдан аввал масаланинг бошқа бир жиҳатига эътибор қаратамиз. Яъни, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 апрелдаги 292-сонли қарори билан Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, унинг 138-банди «Куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт» дея янги таҳрирда баён этилди.
Эътибор бериш керак бўлган жиҳати шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 4 июнь куни қабул қилинган 460-сонли қарорида Йўл ҳаракати қоидаларининг ушбу банди (138-банд) ўзгартирилмади ёки бекор қилинмади. Фақат Ички ишлар вазирлигига 1 ой муддат ичида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш вазифаси юкланди. Яъни йўл ҳаракати қоидаларининг куннинг ёруғ вақтида чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги ҳақидаги қоида ҳозирча ўз кучида турмоқда, ҳали бекор бўлмади.
Бундай вазиятда ҳуқуқий жиҳатдан қайси бирига амал қилиш керак? 9 апрелдаги қароргами ёки 4 июндаги? Бирида ёқиб юр дейилган, иккинчисида 2021 йилгача ёқмаса ҳам бўлади дейилган.
Бундай ҳолатда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддаси бизга ёрдамга келади. Унда айтиладики, тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда кейинроқ қабул қилинган ҳужжат қоидалари амал қилади. Демак, гарчи иккита қарор бир-бирига зид бўлсада, 4 июндаги қарор юридик кучга эга бўлади ҳамда чироқларни бемалол ёқмай юриш мумкин (айрим ҳолатлардан ташқари).
Бевосита асосий масалага қайтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 9-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки бекор қилувчи ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эгадир, яъни ушбу ҳужжатлар чиққунга қадар содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолларига ҳам тааллуқлидир.
Кодекснинг 271-моддасига кўра маъмурий жавобгарликни белгиловчи ҳужжат бекор қилинган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим.
Бу ерда ҳужжат дейилганда, маъмурий жавобгарликни белгиловчи ҳужжатнинг бир қисмини ҳам тушуниш керак. Яъни 9 апрелдаги ВМ қарори тўлиқ бекор бўлмади, лекин айнан ҳамма машиналар кундузи чироқ ёқиб юрсин деган мажбурият бекор қилинди (2021 йилгача узайтирилди).
Қонуннинг юқоридаги талабларидан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, 2019 йил 4 июнга қадар ҳайдовчиларга нисбатан кундузи чироқ ёқиб юрмагани учун расмийлаштирилган маъмурий баённомалар бекор қилиниши ва маъмурий баённома бекор бўлишининг ҳуқуқий оқибатлари қўлланиши лозим.
Бунда ҳайдовчиларимиз қуйидаги 2 хил ҳолатдан бирида бўлиши мумкин:
1) маъмурий баённома тузилган, лекин ҳали жарима тўланмаган;
2) тузилган маъмурий баённома асосида жарима аллақачон тўлаб қўйилган.
Биринчи ҳолатда, ҳеч қандай баҳс ёки мунозарага ўрин йўқ, маъмурий баённомалар уни тузган органнинг ўзи томонидан бекор қилиниши лозим ва жарима тўлаш шарт бўлмайди.
Иккинчи ҳолат бироз баҳсли. Гарчи назарий жиҳатдан жарималар қайтарилиши керак бўлса-да, лекин бу унчалик осон бўлмайди. Яъни жарималар автоматик равишда қайтарилишидан кўп ҳам умид қилмаслик керак, давлат бюджетига тушган пул осонгина қайтиб чиқмайди. Бунинг учун ҳайдовчилар жарима тўланган ҳудуддаги Маъмурий судга ариза билан мурожаат қилиш лозим бўлади. Лекин суднинг югур-югури тўланган 101 минг сўмлик жаримага арзиши ёки арзимаслигини ҳам ҳисобга олишни маслаҳат берамиз. Боз устига судда ютиб чиқиш кафолатланмаганини унутманг.
Хушнудбек Худойбердиев
Дилшод Абдуқодиров
ҳуқуқшунослар
Дилшод Абдуқодиров
ҳуқуқшунослар
Ушбу мақола Kun.uz сайтида эълон қилинди ва таҳририят ушбу фикрлар қай даражада асослилиги ҳақида ваколатли давлат органларидан расмий муносабат кутиб қолишини маълум қилган.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ томонидан ўтган қисқа давр ичида неча нафар ҳайдовчи мазкур турдаги ҳуқуқбузарлик (Кодекснинг 128-моддаси, яъни ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиши) учун маъмурий жавобгарликка тортилгани ва амалда уларнинг қанчасидан жарима ундирилгани ҳақида қўшимча маълумот берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.