Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Ўзбекистонда “Коррупциясиз соҳа“ лойиҳасини ишга туширди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев комиссиянинг кенгайтирилган мажлисида гапириб ўтди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири "Халқ сўзи" ахборотига таяниб хабар берди.
Унга кўра, 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш ташкил этилади. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб эса, лойиҳа бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий қилинади.
"Бу борада асосий масъулият бугун таркиби тасдиқланадиган капитал қурилиш ҳамда олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлар зиммасига юклатилади.
Мазкур ишчи гуруҳлар фаолияти нафақат қайд этилган соҳаларда, балки барча йўналишлардаги ишимиз самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатади. Чунки, ҳар иккала соҳада амалга ошириладиган ишлар бошқалар учун намуна вазифасини ўтайди", дея гапирган Сенат Раиси.