Кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Клара Жумамуратова иштирокида ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Унда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2019 йил 4 апрелдаги 533-сонли Қонун юзасидан маълумот берилди. Хусусан, мазкур ҳужжатга асосан Уй-жой кодекси 32-моддасининг иккинчи қисми янги таҳрирда баён этилгани таъкидланди.
“Энди уй эгаси (мулкдор) бўлган эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек улар билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, яъни келинлар ҳам, куёвлар ҳам мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин”, — деди Клара Жумамуратова.
Депутатнинг айтишича, бу келин ёки куёвга уйга эгалик қилиш ҳуқуқини бермайди, улар фақат оила аъзолари сифатида қайд этилади. Мақсад оилавий муносабатларда тенгҳуқуқлиликни таъминлаш, ажримларни камайтириш экани билдирилди.
Блогерларнинг “снос” ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Қонунчилик палатаси вакили бу масалалар ҳам тартибга солинишини айтиб ўтди.
“Ер участкаларини қандай мезонларга асосан “снос” қилиш мумкинлиги қонуний жиҳатдан асослаб, мустаҳкамлаб қўйилади, — деди депутат Клара Жумамуратова. — Бу ҳақда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасида алоҳида моддалар киритилмоқда. “Снос”лар қайси пайтлар ва ҳолатларда, қандай мезонларга кўра амалга оширилиши аниқ ва қатъий белгилаб қўйилади. Бундан мақсад — энг аввало фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш”.
Янги қонун қабул қилингач, Уй-жой кодекси ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга “снос” масаласини тартибга солувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши маълум қилинди.
Депутат айни вақтда Уй-жой кодексини янги таҳрирда қабул қилиш учун ишчи гуруҳ иш олиб бораётганини билдирди.
“Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги янги қонун қабул қилиниши натижасида хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объектлари ҳисобланиши, хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиз ва у давлат томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимоя қилиниши айтилди.