Июн ойида Омбудсман бошчилигидаги мониторинг гуруҳи Тошкент вилояти, Зангиота туманида жойлашган умумий режимдаги аёллар колониясида бўлди. Гуруҳ таркибида соғлиқни сақлаш соҳаси эксперти ҳам бўлган. 2017 йилдан буён ушбу жазони ўташ муассасасида сақланаётган маҳкумалардан 203 та мурожаатлар тушгани айтилмоқда. Бу ҳақда "Хабар.уз" хабар қилди.
Тадбир жараёнида маҳкумалар яшаётган бинолардаги шароитлар қонунчиликка қанчалик мос келиши,санитар-гигиена талабларига амал қилиниши, овқатланишни ташкиллаштириш, маънавий-маърифий ишларнинг олиб борилиши ва тиббий хизмат масалалари ўрганиб чиқилди.
Омбудсман томонидан 700 дан ортиқ маҳкумалар билан жамоавий учрашув ташкил этилди. Уларнинг эътиборига мамлакатда маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда Омбудсман институтининг бу борада тутган ўрни ҳақида маълумот берилди. Тушган мурожаатлар юзасидан Омбудсманнинг 87 аёл билан шахсий учрашуви ташкил этилди. Мурожаатлар асосан маҳкумаларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини таъминлаш, қариндошлар билан алоқа қилишда амалий кўмак кўрсатиш ва мулкий ҳамда моддий ҳуқуқ борасида тушган эди.
Омбудсманнинг ташрифи давомида аёллар қамоқхонаси маҳкумаси Г. И. Каримова билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида Гулнора Каримова айниқса муассасанинг тиббиёт хизмати ходимларига эътибор ва ўз вақтида кўрсатилаётган тиббий ёрдам учун миннатдорчилик билдирди.
Ўрганиш давомида муассаса томонидан Г. И. Каримованинг тиббий кўриги учун кардиология, неврология, гастроэнтерология, эндокринология ва гинекология соҳасида етакчи мутахассислар жалб қилингани қайд этилди. Шунингдек алоҳида тиббий кўриклар ИИВ марказий госпиталида амалга оширилган. Гулнора Каримова шифокорлар тавсиясига кўра тизимли асосда керакли тиббий препаратларни қабул қилмоқда. Бугунги кунда унинг тиббий ҳолати умумий жиҳатдан қониқарли ва соғлом овқатланиш рациони ташкил этилган.