Прокуратура ва Меҳнат вазирлиги текширувлари натижаларига кўра, Тошкент вилояти электр тармоқ ходимлари транспорт қатнови фаол бўлган трассада бир неча марта тозалаш ишларига жалб этилгани аниқланди. «Дарё»нинг хабар беришича, корхона раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилган.
Маълум бўлишича, ходимлар тозалаш ишларини корхона ҳудудида эмас, ундан 10—15 дақиқа пиёда юришлик узоқликда, транспорт қатови фаол бўлган трассада олиб борган бўлиб, улардан бирини машина уриб кетишига сал қолган.
Шунингдек, хабарда айтилишича, раҳбарият ходимларга тазйиқ ўтказган ва ишдан бўшатиб юбориш билан таҳдид қилиб, тозалаш ишларига ўз хоҳишига кўра чиққани ва фақат корхона ҳудудида ишлагани ҳақида тилхат ёзишга мажбур қилган.
Прокуратура ва Меҳнат вазирлиги томонидан олиб борилган текширув натижаларига кўра, «Тошкент вилояти электр тармоқлари корхонаси» АЖ раҳбари С.Юсупов Меҳнат кодексининг 7-моддаси ва ва Вазирлар Маҳкамасининг 349-сонли қарори талабларини бузган ҳолда корхона ходимларини автомобиль йўли ёнидаги ерларни ободонлаштириш ишларига жалб этгани аниқланган.
Тошкент вилояти Давлат меҳнат инспекциясининг қарорига кўра, корхона раҳбари С. Юсупов энг кам ойлик иш ҳақининг 1 бараваридан 3 бараваригача жарима белгиланган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми билан жавобгарликка тортилган. Корхона раҳбари айнан қанча жарима тўлагани маълум қилинмаган.