2018 йилнинг 9 ойи сарҳисоб қилинганда Қашқадарё вилоятида тиббиёт ходимларининг ойлиги 1 млн сўмга ҳам етмаслиги аниқланди. Ўқитувчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи эса 1 млн 176 минг сўмни ташкил қилган.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Қашқадарё вилоятида ўртача ойлик иш ҳақи 1 млн 522 минг 700 сўм бўлган.
Ғузор туманида ўртача маош 2 млн 330 минг сўмдан ошса, Қарши шаҳрида 1 млн 676 минг сўмга тенг бўлган. Ўзига хос рейтингнинг энг қуйи поғонасидан Қарши тумани жой олган бўлиб, тумандагилар ўртача 1 млн сўм ҳақ эвазига меҳнат қилишган.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича иш ҳақи кўрсаткичларини умумлаштириш натижасида келиб чиққан рақамларга устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, товон пули ва ишланмаган вақт учун тўловлар ҳам киритилган. Бу кўрсаткич таркибида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд.
2018 йилнинг январь-сентябрь ойларида ўртача ойлик иш ҳақи тармоқлар бўйича ҳисобланганда, уч тармоқ – саноат (ўртача 2 млн 501 минг сўм), молия ва суғурта фаолияти (2 млн 452 минг сўм), ташиш ва сақлаш (2 млн 208 минг сўм) вакиллари бошқаларга нисбатан энг кўп маош олувчилар сирасига кирган. Қолган тармоқларда эса ишчи-ходимларга бериладиган ўртача ойлик иш ҳақи 2 млн сўмга етмаган.
Ҳисоб-китобларга кўра, қурилиш соҳаси мутахассиси ўрта ҳисобда ҳар ойда 1 млн 873 минг сўм ойлик олган бўлса, ахборот ва алоқа соҳаси ходими 1 млн 705 минг сўмга қаноат қилган.
Қашқадарё вилояти ҳудудлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Муборак туманида кузатилди. Мазкур туманда ишчи-ходимларга тўланган маош 2 млн 501 минг сўмни ташкил қилди.