Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, депутат Бекзод Артиков Республика нейрохирургия илмий марказидаги ҳолатни танқид қилди. У фейсбукдаги саҳифасида ҳолатни қуйидагича изоҳлади (имло хатолари тўғирланган ҳолда қайта ёзилди).
Парламент томонидан ўтказилган назорат ва таҳлил фаолиятида кўплаб соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги марказлар фаолияти муҳокама қилиниб мавжуд камчиликларнинг олдини олиш ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳақида тегишли кўрсатмалар берилмоқда. Бироқ, Республика нейрохирургия илмий марказидаги мавжуд навбатлар, одамларнинг овворагарчилиги ва тартибсизликлар ушбу кўрсатмалардан тегишли хулоса қилмаганлигини кўрсатмоқда.
Бу каби камчиликлар эса хар қандай одамнинг дилини хира қилмоқда. Шифокор маслаҳати учун пул тўлаб навбат кутиб унинг қабулига кирсангу, у хатто касаллик тарихини ҳам ўрганмасдан МРТ хулосасини олиб келинг деб ноаниқ манзилга юборса, жуда хунук кўринаркан. Устига устак шундай катта марказда биронта ҳам МРТ аппаратининг мавжуд эмаслиги ва "ИДИ ТУДА НЕ ЗНАЮ КУДА" қабилида иш тутилаётганлиги фуқароларнинг овворагарчилиги ва ээтирозига сабаб бўлмоқда. Бунинг оқибатида фуқаролар ортиқча йўл кира ва бошқа ҳаражатларни амалга оширишига тўғри келмоқда. Хусусий муассасаларда ушбу хизмат ўртача ҳисобда 170 000 сўмни ташкил қилади. Ўйлаймизки, ушбу масалага Соғликни сақлаш вазирлиги тегишли муносабат билдиради, деб ёзади депутат.
Аввалроқ депутат Расул Кушербаев Республика онкология марказидага ҳолатни танқид қилган эди.