Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда 2019 йил 1 августдан маъмурий жарималар миқдори ошиши ҳақида маълумотлар тарқатилмоқда.
Маълумки, қонунчиликка мувофиқ жарима ҳуқуқбузарлик аниқланган вақтдаги белгилаб қўйилган энг кам иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Президент Фармонига мувофиқ 2019 йил 1 августдан энг кам иш ҳақининг 10 фоизга ошиши белгиланди. Шунга кўра, турли маъмурий жарималарнинг миқдорлари ҳам 2019 йил 1 августдан 10 фоизга ошади, дея хабар қилди Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали.
Бунда, жарималар ҳуқуқбузарликлар содир этилган вақтдаги энг кам иш ҳақи миқдори бўйича тўланади. Масалан, 28 июль куни ҳайдовчига транспорт воситасида ҳаракатланишда телефондан фойдаланганлиги учун маъмурий баённома тузилди. 1 августдан жарималар миқдори ўзгаришига қарамасдан, мазкур ҳайдовчи 60 кун ичида 28 июлда амалда бўлиб турган жаримани (608 190 сўмни) тўлаши лозим бўлади, дейилади хабарда.