Кунига 2 мингга яқин ўзбекистонлик Қозоғистон самолётлари орқали парвоз қилмоқда. Бунинг сабаблари нимада?

Кунига 2 мингга яқин ўзбекистонлик Қозоғистон самолётлари орқали парвоз қилмоқда. Бунинг сабаблари нимада?
Мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун жаҳон андозаларига таяниб, рақобат асосида ишлаш даври келгани яққол кўриниб турибди.

Ёз — саёҳат ҳамда дам олиш мавсуми. Бу сайёҳлик агентликлари учун ҳам айни муддао. Улар сайёҳларга арзон, қулай йўлланмалар, авиачипталар ва комплексли дам олиш масканларини тавсия этишади. Аммо «Ўзбекистон ҳаво йўллари»да Туркия, Россия, Миср ёки Дубайга учиш нархи худди шу юртларга Қозоғистондан ёки Қирғизистондан учишга қараганда икки баробар қиммат.

Истанбулдан Чимкентга учаётган хорижий компания самолёти Истанбулдан Тошкентгача ҳам шунча масофага учади, шунга яраша ёнилғи сарфлайди, ўшанча одам олади. Табиийки, зарар қилса, учмасди. Самолётлари ҳам ўша самолёт —«Airbus» ёки «Boeing». Аммо нархларда тафовут даражаси катта. Авиачипталар бўйича халқаро сайт ҳисобланган «Anywayanyday»да ҳам чипталар нархидаги фарқни кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, ҳозирда кунига 2 мингга яқин ўзбекистонлик Қозоғистон самолётлари орқали парвоз қилмоқда. Бунинг сабаблари нимада? Аслида миллий авиакомпаниямиз халқимизга бошқа компанияларга нисбатан энг қулай хизматларни тақдим этиши керак эмасми?

Шулар хусусида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ахборот хизмати мутахассиси Феруза Қурбонова билан суҳбатлашдик.

Фақат ички йўналишда монополдир

— Аҳоли орасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг чипталари нархи бошқа халқаро авиакомпанияларникига нисбатан анча қиммат ва мавсумий йирик чегирмалар кузатилмайди, деган тушунча мавжуд, — дейди Ф.Қурбонова. — Аслида авиақатновлар авиабилетларни брон қилиш тизимининг анча мураккаблиги ҳамда бизнес ва иқтисод классларидан ташқари янада кўпроқ турларни ўз ичига олишини кўпчилик йўловчилар билмайди. Мазкур тизим ўз ичига энг арзондан тортиб, энг қимматгача, 12 та тарифни олади ва барча авиаташувчиларда шундай тизим мавжуд. Ўзбекистонга 2018 йилда парвозларни амалга оширган авиакомпаниялар сони, 2017 йилга солиштирганда, 14 тадан 18 тагача (28 фоиз) кўпайди. Хорижий авиакомпаниялар томонидан амалга оширилган рейслар сони эса 6833 тадан 9657 тага қадар (41 фоиз) ортди. Халқаро авиаташувлар бозорида «Uzbekistan Airways»дан ташқари, дунёнинг тўққиз мамлакатидан Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа аэропортларига мунтазам қатновларни йўлга қўйган 18 та хорижий авиакомпания фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирда 63 та халқаро йўналиш бўйича мунтазам қатновлар йўлга қўйилган. 2019 йилдан бошлаб Fly Dubai (БAA) ва Buta Airways (Азарбайжон) каби лоукостер авиакомпаниялар Ўзбекистонга парвоз қилишни бошлади. Россиядан паст бюджетли авиакомпаниялар тамойили асосида Red Wings, NordWind ва Yuteyr парвоз қилмоқда. Булардан кўриниб турибдики, ўз-ўзидан рақобатлар ҳам кўпаймоқда.

Шуни таъкидлаш мумкинки, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» фақатгина ички йўналишларда ягона авиакомпания, яъни монополдир. Агар кимдир мамлакат ичида ташувларни ташкил этиш бўйича таклиф билан чиқса, бунга миллий авиакомпания қаршилик қилмайди. Ҳозирча бундай таклиф бўлгани йўқ.

Авиачипталар нархи нималарга боғлиқ?

Юртимизда 11 та аэропорт мавжуд бўлиб, улар ҳалқаро мақомга эга. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоят аэропортларидан 9302 та қатнов амалга оширилиб, 969 427 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатилган. Баъзан чартер қатновлар ҳақида тушунмовчиликлар келиб чиқади. Чартер нима ўзи? Чартер қатновлари сайёҳлик операторлари томонидан сайёҳлик мавсуми давомида ташкил этиладиган жараён. Мунтазам қатновлар эса авиакомпаниялар томонидан ташкиллаштирилади. Ёз мавсумида маҳаллий сайёҳлик агентликлари чартер қатновларига буюртма бериш учун Миллий авиакомпанияга мурожаат қилишади. Авиакомпания мажбуриятига самолёт, учувчи таркиби ҳамда парвоз хавфсизлигини таъминлаш киради. Йўловчилар учун авиаташувнинг якуний нархланиш масаласи билан сайёҳлик агентликлари шуғулланади. Чартер қатновининг асосий буюртмачиси жойларнинг бир қисмини бошқа сайёҳлик агентликларига сотишга ҳақли. Жорий йилнинг ёзидан саёҳат агентликлари билан биргаликда Шарм-эл-Шайхга арзон нархлардаги йўлланмаларни таклиф қилаётган «AlMasria» (Миср) чартер авиакомпанияси Ўзбекистонга парвозларни йўлга қўйди.

Қайд этилган авиакомпанияларнинг парвозлар географияси ва қатновлар сонига қараб, аксарият йўналишларда биз улар билан тенглик асосида ишлаётганимизга ишонч ҳосил қилиш мумкин. Яъни хорижий авиакомпаниялар ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси томонидан у ёки бу шаҳарга амалга оширилган қатновлар сони бир хил. Йўловчиларда эса танлаш имконияти мавжуд. Йўналишларда бевосита рақиб бўлмаган ҳолатда хорижий авиакомпаниялар муқобил, яъни альтернатив сифатида транзит ташувларни таклиф этмоқда.

Шунингдек, Ҳиндистон, Франция, Германия, Италия, Латвия, АҚШ, Япония ва бошқа мамлакатларнинг авиаташувчилари Ўзбекистонга тенглик асосида қатновларни амалга ошириш учун тўла ҳуқуққа эга ва мамлакатимиз юридик жиҳатдан уларга рад жавобини бермайди.

Фуқаро қанча вақтлироқ, яъни олдинроқ авиачипта сотиб олса, билет шунча арзонга тушади. Қатнов куни яқинлашгани сари тарифлар қимматлашади. Ҳар бир класс учун авиабилетлар нархи, қоидага кўра, олдиндан тасдиқланади ва нарх кейинчалик ўзгармайди.

МАКнинг ички йўналишлар бўйича режаларига қайтган ҳолда, таъкидлаймизки, ҳозирги вақтда қатновлар сонини ошириш ва тарифларни қўшимча оптималлаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Хавфсизлик — биринчи ўринда

Миллий авиакомпанияда мавсумий чегирмалар йўқ, деган тушунча нотўғри. Муайян даврларда (парвоз йўналиши, талаб ва қатновнинг мавсумийлигига қараб), авиакомпания қиммат классларни бронлашнинг маълум бир қисмини арзонроқ тарифга ўзгартиради ва бу уларнинг нархи пасайишига олиб келади. Натижада аксарият йўловчилар билетларни минимал нархларда сотиб олиш имкониятини қўлга киритади, бу эса чегирма билан тенглаштирилган. Агар халқаро қатновлардаги авиачипталарнинг нархига тўхталадиган бўлсак, ҳозирда кўплаб йўналишларга (Москва, Санкт-Петербург, Қозоғистон, Сеул, Душанбе) қатновлар сони оширилди ва барча турдаги харажатлар(авиация керосинлари, аэропортлар авиакомпания тўловлари) ошганига қарамасдан, миллий авиакомпания ўз тарифларини пасайтирмоқда. Россия Федерациясининг шаҳарларида ишлаётган юртдошларимиз учун мавжуд тарифлар бўйича 50 фоизгача чегирмалар тақдим этилмоқда.

Ўтган йили авиакомпания томонидан тақдим этилган чегирмаларда Россия давлатига вақтинчалик ишлаш учун кетган шахсларга тежамкор класс минимал тарифдан 20 фоиз миқдорида(жами 48,9 млрд. сўмлик 33450 дона чипта сотилган бўлиб, ушбу тоифадаги жисмоний шахсларга берилган чипталар 9,9 млрд. сўмни ташкил этади), Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисига 50 фоиз миқдорда нархлар пасайтирилди.

Шунингдек, ички туризмни ривожлантириш учун маҳаллий йўналишларда «Индивидуал йўловчилар» — 30 фоиз, «Оила» — 50 фоиз, «Талаба» ва «Турист» — 40 фоиз чегирмаларини тақдим этиш тизими қўлланилмоқда.

Кейинги пайтда Чимкент аэропорти хизматидан фойдаланиш кенг тус олмоқда. Тўғри, Чимкентдан парвоз қилиш арзонга тушади. Аммо ўзимиздан парвоз қилишнинг ҳам қулайликлари бор. Миллий авиакомпаниямиз қатновларида Истанбулдан исталган классда келадиган йўловчининг 30 килограмм ўлчамли пулсиз юк лимити мавжуд. Чимкентдан парвоз қилувчилар учун бундай лимит кўрсатилмаган. Шуни таъкидлаш жоизки, МАК йўловчиларга чипталарни қайтариш ва парвоз вақтини ўзгартириш имконияти каби «кенг» хизмат турларини тақдим этади.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси хавфсизликни таъминлаш мақсадида авиапаркни мунтазам янгилаб келмоқда. Мавжуд самолётларимизнинг ўртача ёши 10 йилни ташкил этади. Ўзбекистон аҳолиси муқобил равишда фойдаланаётган қўшни мамлакатлар авиаташувчиларининг самолётлар парки эса анча эскирган. Мисол учун, Чимкент—Истанбул авиақатновларини амалга оширувчи самолёт тахминан 18 йилдан ортиқ вақт давомида эксплуатация қилинмоқда.

Хулоса ўрнида

Авиакомпания ўзининг имкониятлари ва қулайликлари ҳақида қанчалик тушунтиришга уринмасин, мавжуд камчиликлардан кўз юмиб бўлмайди. Авиачипталар нархи аҳоли орасида кескин норозиликларни келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда ҳар қандай киши учун ҳаводаги қулайликдан кўра, арзон учиш муҳимдир. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун жаҳон андозаларига таяниб, рақобат асосида ишлаш даври келгани яққол кўриниб турибди. Шундагина фуқароларимиз учун парвоз қилиш, чўнтакбоп саёҳатларга чиқиш муаммога айланиб қолмасмиди?!

Мавзуга оид маълумот:

Қозоғистонда 21 та авиакомпания йилига 5,6 миллион йўловчини ташийди. Бу Ўзбекистонга қараганда деярли 50 фоиз кўп.
Озарбайжонда 2 та миллий ва 30 дан ошиқ чет эл авиакомпанияси йилига 4 млн. йўловчини ташийди.
Осиёнинг тўртинчи энг катта иқтисодиётига эга Жанубий Кореянинг авиация соҳаси либераллашуви ҳам салмоқли иқтисодий самара берган. 12 та миллий ва хусусий, 56 та чет эл авиакомпанияси йилига 30 миллион йўловчини ташийди. Кореяда аҳоли сони: 51,4 миллион. Бу аҳолининг деярли 60 фоизи ҳар йили камида бир марта парвоз қилиш имконига эгалигини кўрсатади. 2018 йилда Кореяга 8 миллионта чет эллик турист борди. 2018 йилда Корея туризм соҳасининг йиллик пул айланмаси 25 миллиард АҚШ долларига етди. Бу соҳада ишлайдиган ходимлар сони эса 260 000 киши. Албатта, бундай кўрсаткичларга Корея авиациясининг либераллаштирилиши, 30 йил олдин монополиядан воз кечиш, бошқа давлатлар билан актив стратегик ҳамкорлик ўрнатиш орқали эришилган.

Нилуфар ЮНУСОВА

«Mahalla»

Ўхшаш янгиликлар

  1. Ахадулла 21 июл 2019 18:57
    Темир йул вам Авиакомпания билетларига нарх куючи рахбарлар халкни шилувчи прзидент душманлари худо хохласа уларга навбат келиб Колар дам олишга ?
  2. Одам 19 июл 2019 16:58
    Савол бошка жавоб бошка, будейман хамма сиетчи буп кетди Узбекистанда, сиесатчилар шунака гапни обкочишга уста
  3. Одилжон 19 июл 2019 10:47
    Узбек автомобили чет элда 8000$туради узимизда 15000$ автобусда тошкентдан остонага 7000тг га етиб келасиз поезд 15000тг самалет агар олдиндан брон килсангиз 34000тг 3 кун олдин олсангиз 50000тг агар бугун учмокчи булсангиз 80000тг бу кимга керак зарежат килиб турволишади.Агар узимизни одамимиз компаниядан контролга куйилса 34000тг га любой одам учарди биринчи қул орзонрок 2-3-4 чига утиб кетади киммат деб утираверамиз!
Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Кунига 2 мингга яқин ўзбекистонлик Қозоғистон самолётлари орқали парвоз қилмоқда. Бунинг сабаблари нимада?