“Халқ сўзи” мухбири бу йили Олий ҳарбий божхона институтига топшириб кира олмаган Фарғона вилояти Бағдод туманидан келган абитуриент Дилёржон ВАЛИЕВ билан суҳбатлашди.
— Мен ўтган йили Олий ҳарбий божхона институтига ўқишга топшириб, 193.3 балл билан 28 ўринда ўтган эдим. Аммо ажратилган квота 25 та бўлганлиги боис ўқишга кира олмаган эдим. Ўтган бир йил мобайнида янаям яхши тайёргарлик кўриб, бу йил ушбу олийгоҳнинг Божхона ҳуқуқи йўналишига яна бир бор ўқишга топширдим ва (максимал 226.8 баллдан) 204.7 балл (тарих-35та, она тили-34та, инглиз тили-28 та тўғри жавоб) тўпладим. Бу балл билан мен 6 июль куни чиққан натижаларда 22 ўринда турганимни кўриб, ўқишга кирдим деб ўйлаб, бошим осмонга етган эди! Аммо 13 июлда чиққан мандат жадвалида эса ўқишга қабул қилинганлар рўйхатида эмаслигимни кўрдим... Рўйхатда 9 та ҳарбий имтиёзга эга абитуриентлар исми турарди. Улар ҳеч қандай имтиҳонда қатнашмаган, айтишларига қараганда, “Мард ўғлони” мукофоти совриндорлари ҳамда Темурбеклар мактаби битирувчилари экан. Имтиёзга эга абитуриентлар учун квота алоҳида бўлса яхши бўлар эди...
Уларнинг ўқишга имтиҳонсиз қабул қилинишига қарши эмасмиз. Бироқ тартиб шу тарзда давом этса қолганлар қачон ўқишга киради? Шунча ҳаракат қилиб, ўқиб, юқори балл олиб ҳам ўқишга кира олмасак яна нима қилиш мумкин, ҳайронмиз...
Умид қиламизки, бу муаммо ҳам тез орада ўз ечимини топади, дейди абитуриент.