Менинг фикрим веб порталида жамоат транспортларининг ойнасини қорайтиришга рухсат бериш бўйича жойланган мурожаат бир кунда керакли овоз, 10 мингдан ортиқ овозни тўплаб бўлди.
Мурожаатда қуйидагилар баён этилган.
Ҳаммамизга маълумки, юртимиз қуёшли ўлка. Бу ҳолат, айниқса, ёз мавсумида ҳарорат 40 даражадан ошган вақтларда автобуслардаги кондиционерларнинг совутиш функцияси ишламай қолганда жуда сезилади.
Шу сабабли, жамоат транспортлари, яъни автобус ва бошқа йўналишли транспорт воситаларининг ойналарини ёруғлик ўтказишини камида 50 ёки 60 фоизгача сўндиришни таклиф қиламан. Тасаввур қилинг, одам кўп, кун иссиқ, ҳаво дим, бу ёқдан эса яна жазирама қуёш тик тушиб туради. Бу эса жамоат транспортидаги одамларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Кўнгил айниши, хушсизланиш каби ҳолатларга сабаб бўлади. Бундан ташқари, баъзида тиғиз вақтда автобусда ўтириш учун бўш жой бўлса ҳам одамлар қуёш сабаб ўша бўш жойларга ўтирмайди. Бу эса ортиқча тиқилинчни юзага келтиради. Ҳамма автобусларга кондиционер қўйиш ёки уларни янгиларга алмаштириш эса кўп маблағ ва вақт талаб қилади.
Амалдаги Йўл ҳаракати қоидалари 3-иловасининг 7.4 бандида “Барча транспорт воситаларида олд, ён ва орқа томондаги ойналарнинг ёруғлик ўтказиши камида 70 фоизни ташкил этиши керак”лиги белгиланган. Шу сабабли юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, жамоат транспортлари, хусусан, автобус ва бошқа йўналишли транспорт воситалари ойналарининг ёруғлик ўтказишини камида 50 ёки 60 фоизгача сўндиришни таклиф қиламан, деб ёзган мурожаат муаллифи.
"Meningfikrim.uz" сайтида келтрилишича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига юборилган мурожаат фуқароларнинг камида 10 000 та овозини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига юборилган мурожаат камида 5 000 та овозни, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига юборилган мурожаат 1 000 та овозни тўплаши зарур.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига юборилган мурожаатни кўриб чиқиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиш уларнинг регламентлари билан тартибга солинади.
Олий Мажлис палаталари, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари томонидан мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилинади ва «Mening fikrim» веб-порталида жойлаштирилади.
Мурожаатни кўриб чиқиш ва у бўйича қарор қабул қилиш муддати 60 кундан ошмаслиги лозим.