Бош прокуратура Ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов собиқ бош прокурор Рашид Қодиров телевидение орқали қачон ўз қилмишлари ҳақида чиқишига доир маълумотни изоҳлай олмади, дея маълум қилди "Кун.уз".
«Бу саволга жавоб бера олмайман», - деган 30 июлда бўлиб ўтган брифингда Ҳаёт Шамсуддинов.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи чоғида Рашид Қодиров иши ҳақида қисқача ҳикоя қилган эди.
«Мана, Рашид Қодиров гуруҳи билан қамоқда ўтирибди. Миллион-миллион долларларни қайтаряпти. 2-3 ойдан кейин унинг ўзи телевидение орқали барчани қандай порахўр қилганини айтиб беради. Ҳар бир туман прокуроридан 30-40 минг АҚШ доллари олган. Ҳозир у барчасини қайтаряпти. Биргина ўғли миллиардер. Бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳам, МХХ (ҳозирги ДХХ)нинг 5 собиқ ўринбосарлари ҳам қамоқда. Уларнинг ҳаммаси ўғри. Қандай бўлмасин, мен ҳаммасини жойига қўяман.
Уларнинг ҳаммаси Болтиқбўйида уйлар қурган. Ҳатто Амир Темур бунақа уйларда яшамаган. Бу кимнинг пуллари – халқники. Шу боисдан ҳам прокуратурада 70 фоиз ходим алмашди. Мен ҳаммани кечираман, аммо ўғри ва хоинларни кечирмайман. Мана шуни халқим билиши керак», - деган эди президент.