АОКАда Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Унда вазир боғча мудиралари ўз лавозимини авлоддан авлодга ўтказиб келганини танқид остига олди.
“Илгари боғча мудиралигига бир киши 25 йиллаб ўтириб олиб, пенсияга чиққандан кейин ҳам бу лавозимни ўз қизи ёки келинига “мерос” қилиб қолдириши ҳолатлари одатий бўлиб қолган эди. Лекин энди бу ҳолатга чек қўйилади. Мудираларни ишга олиш субъектив шаклда эмас, балки кузатув кенгашлари иштирокида амалга оширилади. Ҳар бир гуруҳдан уч нафардан ота-она, педагоглар ва маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари кирадиган кузатув кенгаши боғча мудиралиги лавозимига номзодларни саралаб олади. Номзодлар ўз режалари, татбиқ этмоқчи бўлган янгиликлари ҳақида тақдимот қилишади. Сараланган номзод Мактабгача таълим вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига тақдим этилади ва шу тарзда ишга тайинланади”, ─ деди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.