Қашқадарё вилояти Қарши туманида ИИБ бошлиғи фермердан узр сўради, дея хабар қилмоқда "Дарё".
Маълум бўлишича, "Дарё" сайтида Қарши тумани ИИБ бошлиғи Баҳодир Арслонов туманнинг «Чароғил» ҳудудида фаолият юритувчи фермер Бекзод Фармоновнинг хонадонига кириб, тинтув ўтказгани ва фермернинг аёли қўлидаги телефонни тортиб олгани ҳақидаги «Милиция бошлиғи уйимга бостириб кириб тинтув ўтказгач, болаларим қўрқиб кетган». Қашқадарёлик фермер ИИБ бошлиқларининг навбатдаги зўравонлигини фош этди» сарлавҳали мақола чоп этилган.
6 август куни туман ИИБ бошлиғи Баҳодир Арслонов ўз қилмишига иқрор бўлиб, фермердан узр сўради. Фермер Бекзод Фармонов эса ИИБ бошлиғини кечириб, ўртадаги гина-кудратни унутишга ваъда берди.
Бекзод Фармоновнинг маълум қилишича, муаммо интернет сайтида эълон қилингач, ИИБ бошлиғи 5–6 марта узр сўраган. Ҳатто фермернинг даласига бориб, далада ҳам хато қилганини тан олиб, бундай хатти-ҳаракат такрорланмаслигига ваъда берган. Фермер эса бу муаммо интернетда тарқалганини айтиб, узр сўраш ҳам интерент сайтларида эълон қилинишини талаб қилган.