Fiat Chrysler Automobiles Италия—Америка концерни Ўзбекистон автомобиль саноатига сармоя киритмоқчи. Бу ҳақда "Дарё" хабар қилди.
«Fiat Chrysler Automobiles республикада чет эл сармоясини жалб этган ҳолда автомобиллар ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этиш орқали саноат ҳамкорлигини ўрнатишдан манфаатдордир», — деган компания вице-президенти Юсуф Ҳажас.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда корхона ташкил этиш учун қўлланма сифатида Туркиядаги компания томонидан амалга оширилган Tofaş лойиҳасидан фойдаланиш таклиф қилинмоқда.
Tofaş — енгил автомобиллар ишлаб чиқарувчи турк компанияси. Компания Fiat Chrysler Automobiles ҳамда Koç Holding’га тегишли. У Туркияда ҳам енгил автомобиллар, ҳам енгил тижорат транспорт воситаларини ишлаб чиқарадиган ягона автомобиль ишлаб чиқарувчидир. Унда автомобиллар Tofaş Fiat, Citroen, Peugeot, Opel ва Vauxhall брендлари остида ишлаб чиқаради.
Қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистон Fiat бренди остида Tipo, Fiorino ва Doblo моделларини ишлаб чиқарадиган иккинчи корхона ташкил қилиш учун энг мақбул жой сифатида қаралмоқда.
«Бундан ташқари, Tofaş 2021 йилда кроссоверлар ишлаб чиқаришни бошламоқчи ва келажакда Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган пикап моделини ишлаб чиқиш устида ишламоқда», —деган Ҳажас.