Фарғонадаги мактабда ўқувчилардан пул йиғилиб, бермаганларни ўқитувчилар ҳақоратлаши маълум бўлди

Фарғонадаги мактабда ўқувчилардан пул йиғилиб, бермаганларни ўқитувчилар ҳақоратлаши маълум бўлди
Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги 3-мактабда синф раҳбарлари ва фан ўқитувчилари ўқувчилардан турли нарсаларга пул йиғиб олади, бермаганларни ҳақоратлайди, калтаклайди, дея хабар қилмоқда Turon24.

Бу ҳақда жабрланган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари айтди (уларнинг исм-фамилиялари ўзларининг хоҳишига кўра эълон қилинмаяпти).

“Обунага 12 минг сўм олиб келиб беришим керак эди. Аммо уйда пул йўқлиги учун олиб кела олмадим, – деди ўқувчилардан бири. – Шунда ўқитувчимиз доскага бошимни уриб, мени “Эшакнинг боласи! Ҳайвон!” деб ҳақорат қилди. Мен эса “Мени ҳақорат қилманг, менинг ота-онам эшак эмас”, – деб йиғладим. Ўқитувчимиз доим бизни уради, сўкади”.

Болаларни урган 7-“В” синф раҳбари ўқувчиларни жуда яхши кўришини айтди.

“Технология фанидан дарс бераман, – деди синф раҳбари. – Доимо ўқувчиларимга салатлар, пишириқлар пишириб бераман. Мактабдаги йиғ-йиғларда ўқувчиларнинг баъзилари пул олиб келмайди. Мактаб директори ва директор ўринбосарлари мендан вақтида пул йиғиб беришимни сўрайди. Болалар пулни вақтида олиб келмайди, шунда қаттиқ гапирвораман. Мана, яқинда ҳам парталар устидаги ёпқичлар янги ва бир хил бўлсин деб талаб қилишди. Мен ўз пулимга мато олиб келиб, тикувчига тиктирдим. Тикиш пулини ҳам ўз чўнтагимдан тўладим. Бир ўқувчим ўша парта ёпқичнинг пулини бермади. Ҳозир обунага ҳам шунақа талаб қўйилаяпти”.

Иккита синфда ўқувчилардан ўқитувчиларнинг муносабати ҳақида сўралди. Ўқувчилар мактабда она тили ва адабиёт фани муаллимларидан ташқари барча ўқитувчилар болаларни таҳқирлашини айтди.

“Мени ҳам инглиз тили ўқитувчимиз ўтган ҳафта урди, – деди 7-синф ўқувчиларидан бири. – Ҳозиргача менга умуман гапирмаяпти. Уй вазифаларини ҳам сўрамаяпти”.

Ўқувчилар ўқитувчиси ураётгани ҳақида мактаб директорига бир неча марта айтган. Аммо директор уч йилдан буён синф раҳбарини ўзгартирмаган.

“Мактабимизда 1330 ўқувчи ўқийди. Уларга 99 нафар педагог дарс беради, – деди мактаб директори Раънохон Асқарова. – 48 нафар синф раҳбари бор. Синфга раҳбарлик қилиш истагида бўлган ўқитувчилар суҳбат орқали тайинланади”.

Ота-оналардан бири исми очиқланмаслик шарти билан фарзандини уришаётганини тасдиқлади.

“Ўғлимни синф раҳбари, ўқитувчилар доим уриб, ҳақорат қилар экан. Аммо у буни бизга айтмасди, – деди. – Октябрь ойининг ўрталарида ўғлим яна мактабдан йиғлаб келди. Сабабини сўрасам, уни синф раҳбари ҳамма синфдошларининг олдида камситиб, урганини айтди”.

Мактабда муаммо фақат бу эмас.

Директорнинг айтишича, куз-қиш мавсуми учун таълим муассасасида 34 тонна кўмир захираси бўлиши керак. Бугунгача 6 тонна қора кўмир, 10 тонна брикет келтирилган, холос. 4 та қозонхона 24 та хонани иситади. Яна 6 та қозон ўрнатилаяпти.

Ҳозир ўқувчилар совуқ синфхоналарда билим олмоқда.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Фарғонадаги мактабда ўқувчилардан пул йиғилиб, бермаганларни ўқитувчилар ҳақоратлаши маълум бўлди