Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги расмий сайтида Ўзбекистонда туризм салоҳияти йўлидаги тўсиқлар бирма-бир санаб ўтилди. Ана шундай муаммолардан бири бу аэропортдан чиққанда кузатиладиган манзаридир.
Сайёҳ аэропорт ҳудудини тарк этган заҳоти минг афсуски, уларни исми ёзилган тахтачани ушлаб қарши оладиган очиқ чеҳрали кузатувчилар эмас, “учар” киракашларимиз кутиб олади.
Тўғри, меҳмонхонагача бориш нархини келишиш, савдолашиш кимдир учун экзотика бўлиши мумкин, лекин бир-неча соатлик учиш давомида тинкаси қуриб турганда шу ҳам ортиқча. Такси тоза, озода, ҳайдовчи хушмуомала бўлса-ку хўп-хўп, акси бўлса-чи? Нохуш ҳид анқиб турган машинада алламбало кийимлар билан оёғига эски шиппакни илдирволган, жағи-жағига тегмай замоннинг оғирлигидан, нарх-навонинг ошиб кетаётганидан нолийдиган “таксист” сайёҳнинг ўзбекистонликлар ҳақидаги дастлабки тасаввури бўлиб хотирасида муҳрланиши ачинарли.
ЕЧИМ. Меҳмонхоналарнинг сайёҳларга транспорт хизмати кўрсатиши учун имтиёзлар бериш. Хизмат сифатини мониторинг қилиш. Такси хизмати кўрсатадиган компанияларнинг (Тошкент шаҳри бўйича 40 дан ортиқ) аэропорт ҳудуди бўйича ишлайдиган вакилларини алоҳида назоратга олиш, шу ҳудудда хизмат кўрсатиш учун муайян танловлардан ўтказиш керак.