“Муносабат” кўрсатуви экспертлари замонавий “мода”ни танқид қилишди. Дастур давомида экспертлар сочга нақш чизиш ва калта пайпоқлар бесоқолбозликнинг белгиси эканини айтишди.
“Қадимги Римда яшовчи Лотин қабиласида жамият лаънатига ва ота-онаси нафратига учраганлар алоҳида белгига эга бўлиш учун йиртиқ-ямоқ кийим кийиб юришган. Шунингдек, Ҳиндистонда энг қуйи қатлам вакиллари, туғилганидан харом ҳисоблангани учун йиртиқ кийим кийиб юрган”, – дейди Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Мансур Мусаев.
Шу билан бирга Мусаев Европада калта пайпоқ кийиш ҳамда сочига нақш чиздириш бесоқолбозликнинг рамзи бўлганини айтди. У ерларда бесоқолбозлар шу орқали бир-бирини таниб олгани таъкдланди. Шунингдек, дастурда актер Ёдгор Саъдиев ҳам калта пайпоқ ва йиртилган кийимлар кийилишига қарши эканини билдирган.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда маънавият марказлари ходимлари тез-тездан замонавий модага қарши эканини билдириб туради. Аввалроқ вайнерлар, мактаб ўқувчилари, артистлар ва бошқалар ҳам танқидга учраган эди.