Самарқанд давлат университетидан Иккинчи жаҳон урушига сафарбар қилинган 500 қаҳрамон хотираси қалбларимизда абадий яшайди
Инсон хотиралар билан тирик. Хотира ёғдуси авлодларнинг келажак йўлларини ёритиб туради. Хотиралар бизни ҳаётдан тўғри хулосалар чиқаришга, ўтмиш аждодларимизнинг тарихий хизматларини чуқур англашга ундайди. Қадр туйғусисиз ҳаётимизни тасаввур қилиб бўлмайди. Қадрсиз дунёдаги жамики тушунчалар муаллақ қоларди. Айнан қадр бизни ҳаётга боғлаб турувчи муқаддас тамойилдир.
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан биз ўтган ҳамкасбларимиз, устозларимизни эслаймиз. Уларнинг фидокорона хизматларига баҳо берамиз. Бугун ҳаёт бўлган дўстларимиз, яқинларимиз аҳволидан хабар оламиз, кўнглини кўтарамиз. Уларга ёлғиз эмаслигини, ҳамиша жамият ва давлат ардоғида эканлигини билдирамиз. Демак, хотира ва қадрлаш куни оддий кун эмас. Бу қадрият, бу тарбия, бу меҳр, бу эътибор.
Шу кунларда мамлакатимизда қутлуғ сана – Хотира ва қадрлаш кунини байрам қиляпмиз. Икки сўзни ўзида бирлаштирган бу жумлада бир олам маъно-мазмун мужассам.
Дарҳақиқат, хотира муқаддас туйғу. Шундай лаҳзаларда Президен-тимиз Шавкат Мирзиёевнинг Халқимизнинг тарих саҳифаларига ўчмас ҳарфлар билан битилган бундай мардлик ва матонати, олижанобли-ги, меҳр-муруввати ва юксак маънавияти барчамизнинг қалблари-мизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлаб, фарзандларимизни ватанпар-варлик ва аждодлар жасоратига садоқат руҳида тарбиялашда илҳо-млантириб келмоқда, деган сўзлари ёдга тушади.
Аждодларини билмайдиган, ўзининг кимлигини англамайдиганлар-дан нимани кутиш мумкин? Хотира инсонга ҳамиша кимларнинг авлоди эканлигини эслатиб туради. Шу маънода бугун Иккинчи жаҳон уруши йилларида Самарқанд давлат университетида ишлаган, таҳсил олган, эл-юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо этган юртдошларимизнинг табаррук номларини ёдга олиш савобли, хайрлидир.
Ватан қаҳрамонлари... Улар 500 га яқин эди. Улар 1941 йил 23 июнда Ўзбекистон давлат университети(СамДУ)да бўлиб ўтган митингда «Қўлга қурол олиб, Ватанни ҳимоя қиламиз» деган шиор билан чиққанди. Афсуски, уларнинг кўпчилиги юртимизга қайтмади. Биз қайтмаганлар ҳақида жуда оз маълумотга эгамиз. Доцент К.Кулданов, ўқитувчилар – Акаскин, В.Алехин, А.Воҳидов, И.Сухарев, Вали Қодировларнинг жанг майдонларида ҳалок бўлганлиги ҳақида манбалар бор. Шунингдек, Х.Абдураҳмонов, В.Жишко, В.Солодний, П.Соловьев, М.Урунов, М.Ҳайдаров сингари талабалар ҳам урушдан қайтишмаган.
Ўн гулидан бир гули очилмаган талабаларнинг хазон бўлган умри, ушалмаган орзулари, умидлари учун ҳам мудҳиш урушга лаънатлар айтамиз. Уларнинг порлоқ хотираси олдида бош эгиб, таъзим этамиз.
Уруш йилларида университетимиз ректори бўлган Азиз Валиев ҳам фронтга сафарбар қилинган. Домла 1910 йилда туғилган. 1938 йилдан СамДУ ректори вазифасида ишлаган, файласуф олим бўлган. Манбаларда у кишининг кўнгилли бўлиб фронтга кетганлиги, комиссар ва сиёсий хо-дим бўлганлиги, майор унвонини олганлиги қайд этилган. Азиз Валиев бир қатор жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган. Жанубий фронтда 1943 йилнинг 15 октябрида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
Тўғри уруш, ҳарбий ҳолат ҳукмрон бўлган. Лекин Азиз Валиевдан кичикроқ лавозимдагилар ҳам фронт ортини мустаҳкамлаш учун қолдирилаётган бир пайтда домла ўз ўрнини уруш майдонида, деб билган. Ватан учун азиз жонини аямасдан, жангга отланган. Бу чин маънодаги жасорат ва қаҳрамонлик эди.
Биз бугун бу инсонларнинг табаррук номларини чуқур ҳурмат билан ёд этамиз. Порлоқ хотираси олдида бош эгамиз. Фронт ортида ту-риб меҳнат қилган фахрийларимизга ҳам эҳтиром кўрсатамиз.
Машъум урушга университетдан кетган ва омон қолган юртдошла-римиз яна жонажон университетимизга қайтиб, илмий-педагогик фаолият-ларини давом эттирган. Уларни ўша пайтларда, кейин ҳам шинелли до-млалар, деб аташган.
Уруш кўрган олимлар авлоди илм-фан, таълим-тарбия соҳасида жу-да катта ишларни амалга ошириб, университет равнақи учун муносиб ҳис-са қўшган. Биз фан докторлари, профессорлар – тарихчи Юрий Алеске-ров, Михаил Абрамов, филолог Улуғ Турсунов, Ҳамдам Бердиёров, Ва-силий Ларцев, доцент Очилбой Исроилов, фидойи педагог Афанасий Ефи-мов, Павел Солдатов, Абдулла Сагитов, доцентлар ва ўқитувчилар Мирза Абдулқосимов, Воҳид Абдуллаев, Соли Акрамов, Жўра Аҳмеджонов, Турсун Бобохонов, Жума Очилов, Адҳам Самибоев, Юрий Талишкин, Зу-байдулла Тоғаев, Баҳром Ҳамроқулов, Мурадбек Ширбаев, Рустам Кари-мов, С.Аслиддинов, И.Бурнашев, В.Ездаков, В.Ибадулин, Р.Кадимов, А.Калужин, М.Кеньшаков, Р.Кулданов, В.Мўминов, Ф.Позинчанюк, А.Симонов, Д.Усмонов, А.Чикаев, В.Князевскийларнинг; ҳарбийлар А.Тошматов, Василий Чеховской, Александр Яцуренколарнинг ҳамда яқин пайтларгача сафимизда бўлган Рашид Раҳмонов ва Сеит Умир Аса-новларнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз. Афсуски, улар бугун орамизда йўқ.
Самарқанд давлат университети тарихчи олимлари томонидан Иккинчи жаҳон урушига СамДУдан кетганлар, қайтганлар, ҳалок бўлганлар ҳақида махсус тадқиқот бошланган. Ушбу лойиҳа доирасида 500 нафар Самарқанд давлат университети қаҳрамонлари ҳақида маълумотлар тўпланмоқда. Уларнинг фронт бўйлаб ҳаракатлари, олган орден, медаллари ҳақида архив хужжатлари тадқиқ этилмоқда. Қўлга киритилган манбаалар асосида алоҳида китоб нашр этишни режалаштирганмиз. Бу миннатдор авлодларнинг Ватан қаҳрамонларига эҳтироми рамзидир.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Самарқанд давлат университети ректори,
профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси.