Тошкент шаҳри Чилонзор туманида узоқ муддатдан бери қаровсиз турган Спарк аввалроқ ўғирлаб кетилган автомобиль бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда Миллий гвардия хабар қилди.
Маълум бўлишича, Миллий гвардия ходими шу йил 22 май куни «Шарқ» маҳалласи, Заргарлик кўчасида давлат рақамисиз узоқ муддатдан бери турган автомобилга кўзи тушган ва бу ҳолат унда шубҳа уйғотган. Ходим дарҳол ЙПХга мурожаат қилиб, автомобилнинг эгасини топган. Унинг 23 ёшли эгаси автомобиль ёнига келганида автомашинаси 2018 йилнинг 4 март куни, соат 07:00 лар атрофида Чилонзор туманидаги Тошкент савдо маркази бозори ёнида ўғирлаб кетилганини айтган.
Ҳозирги вақтда автомобилни ким ўғирлаб кетганини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди. Таъкидлаш жоиз, автомобиль топилганда унинг олд ўнг томони шикастланган бўлган.