Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида 25 нафар болаларга ноқонуний диний сабоқ берилгани маълум бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Маълум бўлишича, Бекобод туманидаги масжидлардан бирида имом-хатиблик қилувчи шахс ўз уйида 5 нафар болага диний сабоқ берган. Улардан ойлик тўлов сифатида ойига 800 минг сўмдан олинган. Шунингдек, унинг акаси ҳам ўз уйида болаларга диний таълим берган ва у ерда ойлик тўлов 1,5 млн сўм бўлган. Фуқаро 21 ёшли ўғлини ҳам ушбу жараёнга жалб қилган.
Нашрнинг ёзишича, диний таълим олганлар 2005–2015 йиллар оралиғида туғилган болалардир. Улар вазифаларни ўзлаштира олмаса калтакланган ва оч қолдирилган. Таъкидланишича, таълим олиш учун Бўкадан, пойтахтдан, Сирдарё ва Жиззахдан ҳам болалар келган. Қўшимча қилинишича, ноқонуний таълим олганлар қаторида Бўкадаги мактаб директорининг ўғли ҳам бор. У 2020-2021 ўқув йилида мактабдаги дарсларда умуман қатнашмаган.
Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди томонидан ноқонуний диний таълим берганлар МЖтКнинг тегишли моддалари билан жазоланган ва БҲМнинг 7-8 бараваригача жарима солинган. Имом-хатибнинг акасига 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳам тайинланган.