Ферузага бир таниши Россияга бориб фаррош бўлиб ишлашни таклиф этганида қиз дарров розилик билдирмади: уни рус тилини билмаслиги ташвишга соларди. Лекин таниши уни бу борада қийинчиликлар бўлмаслигига, Ўзбекистондагига қараганда кўпроқ пул ишлаб топишига ишонтирди. Қиз оиласига шунчалик ёрдам бергиси келардики, натижада таваккал қилишга қарор қилди. Шундай қилиб Феруза одам савдосига алоқадор ёлловчиларнинг қопқонига тушиб қолди, у бу ҳақида ҳатто шубҳага ҳам бормаган эди.
Феруза кўп болали оилада ўсди. Ота-онаси ажрашганларидан кейин болалар уй юмушлари, хўжалик ишларини бажариш ва яшаш учун пул топишга мажбур бўла бошладилар. Мактабни тугатганидан кейин қиз далада ишлай бошлади. У тиришқоқлик билан ишлади, лекин оғир қишлоқ хўжалиги ишларидан жуда чарчар эди. Сўнгра у хот-дог сотувчиси бўлиб ишга жойлашди. Бу ерда ишлаш бирмунча осон эди. Ферузани пул ишлаб топиш учун Россияга бориб ишлашга кўндирган аёл унинг доимий мижози эди.
«Дастлаб Москвага самолётда учишга келишган эдик. Лекин кейин танишим автобусда боришим кераклигини айтди. Биз Қозоғистон орқали ўтиб бордик. Етиб келганимдан кейин мени бир аёл кутиб олди ва квартирага олиб кетди. Мендан паспортимни олиб қўйишди ва танишим фаррош бўлиб ишлашимни айтганига қарамасдан менга интим хизматлар кўрсатишимни айтишди», - деб эслайди эндигина 20 ёшни қаршилаган Феруза. У ҳатто одам савдоси қурбонига айланганини ҳам тушуниб етмади.
Кўпинча шундай бўлади: «тирик товар» билан савдо қилувчилар қурбонларнинг танишлари ёки ҳатто қариндошлари бўлиб чиқади. «Ов» учун нисбатан заиф одамлар – энг яхши келажакка, яшаш учун етарли пул ишлаб топишга ва ўзининг оиласини таъминлашга умид қиладиган одамлар танланади. Оқибатда бундай одамларга нисбатан жисмоний ва руҳий куч ишлатилади. Одам савдоси – бу инсон қадр-қимматига тажовуз қилиш демак.
Дунёда юз минглаб одам бундай жиноятларнинг қурбони бўлади. АҚШ давлат департаментининг одам савдоси билан боғлиқ вазият тўғрисидаги охирги глобал маърузасига кўра, Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда 150 нафар одам савдоси қурбонини аниқлади, улардан 138 нафарини аёллар ва 12 нафарини эркаклар ташкил этади. Улардан камида 70 нафар қурбон Ўзбекистонда, қолганлари эса хорижда эксплуатация қилинган.
«Дунёда миллионлаб одамлар одам савдоси қурбонларига айланади ва бунинг олдини олиш ишларини олиб бориш ўта долзарбдир. Биз бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун аҳолини қандай қилиб ўзини одам савдосидан ҳимоя қилиш тўғрисида хабардор қилиш бўйича Ўзбекистондаги давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қиламиз. Бундан ташқари, биз ҳукумат билан одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш жараёнини такомиллаштиришга кўмаклашадиган бир қатор тадбирларни амалга ошириш бўйича ишлаяпмиз»,- дейди Winrock International томонидан амалга оширилаётган USAIDнинг «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳаси дастури координатори Нодира Саидкаримова.
Шаҳвоний жинсий эксплуатацияга мажбурлаган одамлардан қочиб кетишга муваффақ бўлган Феруза, агар у бундай ҳолатлардан хабардор бўлганида бошқа мамлакатга боришга рози бўлмаган бўлишини таъкидлайди. «Мен одамларни қандай қилиб алдов йўллари билан чет мамлакатларга олиб кетишлари, сўнгра инсонга хос бўлмаган шароитларда ишлашга мажбурлашлари тўғрисида кўпроқ гапириш керак, деб ўйлайман. Буларни билиш шубҳали таклифларга танқидий ёндашишга ёрдам берган бўларди», - деб ўз фикрлари билан ўртоқлашади Феруза.
Қиз «иш берувчилардан» қочиб кета олди, лекин тили, қонунларини билмайдиган бегона шаҳарда кўчада қолди. У бир оз вақт сарсон-саргардон бўлиб юрди, бир кунлик ишларни бажариб, овқатига пул ишлади. Баъзида унга бажарган иши учун ҳақини тўламадилар ва Феруза яшаш учун ҳеч қандай маблағсиз яна кўчада қоларди. У Тожикистондан келган мигрантлар оиласи билан танишганидан сўнг барчаси ўзгарди. Улар унга бошпана бердилар, фаррош бўлиб ишга жойлашишига ёрдам бердилар ва Феруза бу оилага миннатдорчилик сифатида уларнинг болаларига қараб туриб ёрдам берди.
Бир куни у «Истикболи Авлод» нодавлат ташкилоти Ўзбекистоннинг уяли алоқа оператори билан ҳамкорликда тарқатадиган СМС-тарқатма хабарни олди. СМС-хабарда одам савдоси қурбонлари учун «тезкор алоқа линияси» рақами кўрсатилган эди. Феруза ўйлаб ҳам ўтирмай уларга қўнғироқ қилди. «Мени диққат билан эшитишди, қаерда ва хавфсизликда эканлим ҳақида сўрашди. Сўнгра улар Россиядаги ўзларининг ҳамкорлари, «Альтернатива» ННТ билан боғланишди ва улар мени тунаш жойи бўлган уй (шелтер)га жойлаштиришди. Бир оз вақтдан кейин «Истикболи Авлод» менингЎзбекистонга қайтишимга ёрдам берди», - деб эслайди Феруза.
АҚШ давлат департаментининг Одам савдоси тўғрисидаги маърузасида Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари 50 нафар одам савдоси қурбонига ватанига қайтиш учун ёрдам берганлиги хабар қилинади. Одамларни ватанига қайтариш жараёни баъзида жуда қийин кечади, айниқса уларнинг ҳужжатлари олиб қўйилган бўлса, бу ҳужжатларни қайта тиклаш зарур бўлади. Жабрланганлар ватанларига қайтганларидан кейин улар билан нодавлат ташкилотларининг рухшунослари ва ҳуқуқшунослари ишлайдилар. Мақсадимиз – одам савдоси билан шуғулланувчиларга қарши даъво аризаларини бериш ва жабрланганларнинг аввалги ижтимоий шароитларга қайтишига ёрдам бериш. Ўтган йилда нодавлат ташкилотлари жиноий ишлар қўзғатиш учун жабрланганлар номидан 121 та шундай ариза бердилар.
Лекин жабр кўрганларнинг барчаси ҳам бундай қадам ташлашга журъат эта олмайдилар. «Кўплар ўзининг аччиқ тажрибасини ошкор қилишни истамайди, чунки улар яқинларининг уларни қоралашлари ва улардан воз кечишларидан қўрқишади. Бундан ташқари, уларни алдаган одамларнинг жазоланишига ишонмайдилар. Натижада – қурбонларнинг аксарияти бундай одамларга қарши иш қўзғатмайдилар. Айнан шунинг учун ҳам улар уйларига қайтганларидан кейин бошларидан ўтказган қийинчиликларни унутишни ва ўзлари учун бу мавзуни буткул ёпишни афзал биладилар», - деб таъкидлади «Истикболи Авлод» ННТ оператори Саида Алимова.
АҚШ давлат департаментининг одам савдоси бўйича маърузалари тавсияномаларига мувофиқ ҳуқуқ бузувчиларни жазолашнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтириш, одам савдоси қурбонларига ҳуқуқий, тиббий ва юридик ёрдам кўрсатишни таъминлаш бўйича мамлакатдаги ННТлари билан ҳамкорликни яхшилаш, шунингдек бундай ҳуқуқ бузилишларининг олдини олиш бўйича фаол ишларни давом эттириш талаб этилади.
Агар Сиз ёки Сизнинг яқинларингиз одам савдоси ҳолатларига дуч келган бўлса, сиз қуйидаги контактлар бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилишингиз мумкин:
• Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссиянинг тезкор линияси: +99899 311 01 01
• @salom_migrant_bot телеграмм-боти орқали онлайн тезкор линия, сизнинг мурожаатингиз Одам савдосига қарши курашиш бўйича Кичик комиссияга кўриб чиқиши учун келиб тушади.
• «Истикболи Авлод» ННТ линияси : +998 95 143 9494
• Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик хизмати: https://mfa.uz/uz/pages/about-missions