AОКAда 20 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева 2020 йилда мамлакатда ажримлар сони камайгани ва бунга нима сабаб бўлгани ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.
Маълум қилинишича, 2020 йилда республика бўйича 28 233 та никоҳдан ажралиш ҳолати қайд этилган. Бу кўрсаткич 2015 йилга нисбатан 4,8 фоизга, 2019 йилга нисбатан эса 10,1 фоизга камайган. Яъни 2020 йилда пандемия сабабли ФҲДЁ ва суд органлари орқали ажралишлар сони кам қайд этилган.
Бунинг сабаби 2020 йилда ажралиш учун ариза берган фуқароларнинг ҳужжатларини 2020 йилнинг якунида (ноябрь–декабрь, карантин чоралари юмшатилганидан сўнг) ва 2021 йил январь–июнь ойларида кўриб чиқилган. Таъкидланишича, ажрашиш учун берилган аризаларини кўриб чиқиш тартиби 3–6 ой қилиб белгиланган.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида 2020 йил давомида судга, ФҲДЁ органларига ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияларига жами 1654 та ажрашиш бўйича ариза берилган бўлиб, бу оилаларнинг 1114 таси яраштирилган, 540 та оила ажрашиш қарори ижроси 2021 йилга кўчган. 2021 йилнинг январь–июнь ойларида эса оилавий ажримлар бўйича жами 1879 та ариза келиб тушган бўлиб, бу оилаларнинг 1291 таси яраштирилган.
Оилавий ажрим аризаларининг 2019 йилда 56,4 фоизи (1771 та аризадан 998 таси яраштирилди), 2020 йилда 67,3 фоизи (1654 та аризадан 1114 таси яраштирилди) ва 2021 йилда 68,7 фоизи (1879 та аризадан 1291 таси яраштирилди) ижобий ҳал этилиб, оилалар яраштирилган.