British Airways’нинг Исломободдан Лондонга учаётган Boeing 777-200ER самолёти 22 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига қўнди. Бу ҳақда Telegram’даги «Новости Ташкентского неба» канали хабар берди.
«Буюк Британиянинг Исломобод—Лондон йўналиши бўйича учаётган ВА-260 рейси экипажи парвоз вақтида Тошкентдаги заҳира аэропортга қўниш ҳақида қарор қабул қилди», — дейилади хабарда.
AviaSpotter’нинг соат 08:30 да эълон қилган маълумотига кўра (https://t.me/AviaSpotter/2399), ушбу рейсдаги 83 ёшли йўловчи аёл ўзини ёмон ҳис қилган. Самолёт Тошкентга етиб келганида аёл вафот этган. Барча йўловчилар самолётдан туширилиб, Тошкент аэропорти ҳудудига жойлаштирилган.
«РИА Новости»нинг ёзишича (https://ria.ru/20210922/samolet-1751231729.html?utm_source=yxnews&utm_medium=desktop), бу хабарни Тошкент аэропорти ходими тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, аёлнинг ўлимига дастлабки сабаб — юрак уришининг тўхташи бўлган. У марҳуманинг қайси давлат фуқароси эканлигини айта олмаган.