Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ҳаваскор боксчилар ўртасидаги Осиё чемпионати финал жанглари давом этмоқда. Унда Ўзбекистоннинг финалдаги сўнгги вакили Баҳодир Жалолов олтин медал учун жанг қилди. Бу ҳақда "Халқ сўзи" хабар қилди.
+91 кг вазнда рингга чиққан Баҳодир Жалолов қозоғистонлик Қамшибек Конкабаевни қарши жанг олиб бориб. Якунда ҳакамларнинг турлича қарорлари билан берган баҳоларига кўра, Баҳодир Жалолов очколар бўйича ғалаба қозонган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. Бу Ўзбекистон терма жамоасининг мусобақадаги тўртинчи олтин медалига айланди.
Бунгача -49 кг вазнда Нодиржон Мирзааҳмедов ва -56 кг вазнда Миразизбек Мирзаҳалилов ҳиндистонлик рақибларини мағлуб этиб, Осиё чемпионатидаги дастлабки икки олтин медални Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига келтирганди. Бобо Усмон Батуров эса япониялик рақибини енгган ва у келтирган олтин терма жамоага муддатидан олдин эркаклар ўртасидаги баҳсларда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритиши учун етарли бўлганди.
Шундай қилиб Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатининг 4та олтин, 1та кумуш, ва 4та бронза медаллари билан якунлади. Жамоа эркаклар ўртасида кетма-кет иккинчи марта Осиёнинг биринчи рақамли терма жамоаси деган номни қўлга киритди.