Европанинг бир қатор майдонларида Чемпионлар лигасининг навбатдаги тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Кеча мусобақанинг "А", "В", "С" ва "D" гуруҳлари жамоалари 4-тур ўйинларини ўтказишди. Турнинг марказий учрашувларига Италия мезбонлик қилди. Жумладан, Миланнинг "Интер" жамоаси ўз майдонида Испаниянинг "Барселона" клубини қабул қилиб, 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Голларга мезбонлардан Икарди, меҳмонлардан Малком муаллифлик қилди. Неаполнинг "Наполи" жамоаси эса Франция гранди — "ПСЖ"ни қабул қилди. Тенг курашлар остида кечган ўйин 1:1 ҳисобида якунланди.
Испаниянинг "Атлетико" жамоаси Германиянинг "Боруссия"сини 2:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, "Тоттенҳем" (Англия) Голландиянинг "ПСВ" клубидан 2:1 ҳисобида устун келди. Турнинг кутилмаган натижаси сифатида "Ливерпуль" (Англия)нинг меҳмонда "Црвена Звезда" (Сербия)га ютқазиб қўйганини айтиш ўринли.
Шунингдек, "Шальке" (Германия) — "Галатасарой" (Туркия) 2:0, "Порту" (Португалия) — Локомотив (Россия) 4:1, "Монако" (Франция) — "Брюгге" (Белгия) 0:4 ҳисоблари қайд этилди.
Бугун ҳам 4-тур учрашувлари давом эттирилади.