Ўзбекистон Суперлига 31-тур учрашувлари доирасида "Локомотив" ва "Пахтакор" ўзаро тўқнаш келди. Унда "Локомотив" 3:2 ҳисобида ғалабага эришди ва навбатдаги чемпионликни тантана қилди.
Ўша учрашувда Марат Бикмаев томонидан одоб-аҳлоқ қоидаларига мос келмайдиган хатти-ҳаракат амалга оширилди. Учрашув вақтида “Локомотив” жамоаси футболчиси Марат Бикмаев қўли билан хунук ҳаракат кўрсатди ва бу ҳолат ўйинни томоша қилаётган кўпсонли ишқибозлар томонидан салбий қабул қилинди.
Шундан сўнг футболчининг хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон ПФЛ Этика қўмитаси томонидан атрофлича ўрганиб чиқилган ҳолда Мусобақалар регламентининг интизомий ва жарималар кодекси 3-бўлим, 5.45 бандининг “Г” қисмини қўпол равишда бузгани эътироф этилган Марат Бикмаевнинг 31-тур ўйини вақтида ва унгача бўлган 23-тур учрашуви пайтида ҳам одоб-аҳлоқ қоидаларидан четга чиққанини инобатга олиб, футболчи 2 та расмий ўйинга четлатилди ва футболчига нисбатан 20 миллион сўм миқдорида жарима белгиланди.