Афғонистонда “Сўғдиёна транс” вакилларига қуролли ҳужум уюштирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ хабар қилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ва унинг афғонистонлик ҳамкасби телефон орқали ушбу ҳолатни муҳокама қилди. Маълумотларга кўра, ҳодиса шу йил 20 август куни Хайратонда содир бўлган. Афғон ҳарбийси ҳужум оқибатида ҳалок бўлган. Маълум бўлишича, номаълум шахслар уларнинг автомашинасига ҳужум қилган. Жароҳат олган ўзбекистонлик «Хайратон — Мозори-Шариф» темир йўли лойиҳасининг ходими ҳисобланади.
Афғонистон ТИВ раҳбари Ханиф Атмар мамлакат ҳуқуқ тартибот органлари томонидан тергов олиб борилишини, айбдорлар жазоланишини маълум қилди. Ўз навбатида, Абдулазиз Комилов Ўзбекистондан келган ходимларнинг хавфсизлигини кучайтиришни сўраган. Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, “Сўғдиёна транс” “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг таркибига киради. “Сўғдиёна транс”нинг асосий вазифаси Афғонистондаги “Хайратон — Мозори-Шариф” темир йўлига хизмат қилиш ҳисобланади.