Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусга такрор чалинаётганлар кузатилаётгани маълум қилинган эди. Бу ҳақда коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева маълумот берди.
Бутун дунёда қайта касалланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу бўйича аниқ статистик маълумот йўқ. Тадқиқотчилар бундай ҳолатлар унча кўп эмаслигини айтишмоқда. Шунингдек, қайта касалланишни аниқлаш жуда қийинлиги таъкидланмоқда.
Ким қайта касалланиши мумкин? Жорж Мейсон номидаги тизимли биология университети олимларининг айтишича, иммунитети сустлар ва сурункали касаллиги борларда касаллик такрорланиши мумкин. Уларда биринчи касалланишдан сўнг ҳимоя клеткалари шаклланмайди. Шунингдек, касалликни енгил шаклини ўтказганларда ҳам қайта касалланиш ҳолати кузатилиши мумкин. Уларда ҳимоя клеткаси вақтлар ўтиб йўқ бўлади ва у чидамли эмас.
Олимлар статистикага таянган ҳолда аввал касалликка чалинганларнинг аксариятида иммунитет шаклланганини айтишмоқда. Лекин, вируснинг мутацияга киришиши сабабли иммунитет узоқ вақт ҳимоялай олмаслиги мумкин. Ҳозирда тадқиқотчилар ушбу масала устида ишламоқда ва унинг хавфлилик даражасини ўрганмоқда.