Францияда чоп этиладиган, халқаро савдога ихтисослашган Le Moci журналида Ўзбекистон ҳақида мақола чоп этилди. «Ўзбекистон – француз компаниялари учун янги Элдорадо», дейилади мақола сарлавҳасида.
Бруно Мули муаллифлигидаги мақолада Франция компаниялари сўнгги вақтларда Ўзбекистон бозорига фаол кириб кела бошлагани ҳақида сўз боради.
Муаллиф даставвал Франциянинг Carrefour супермаркетлар тармоғи охирги бир ой ичида Тошкентда 3та дўкон очганига эътибор қаратган.
Француз бренди, БААнинг Majid Al Futtaim гуруҳи франчайзинги орқали, 2022 йилга қадар Тошкентда жами 5та супермаркет ва 2та гипермаркет очади.
Франциянинг Rungis Semmaris компанияси эса Ўзбекистонда агрологистика инфратузилмасини ривожлантиради.
2020 йил 9 декабрда имзоланган 15 миллион евролик шартномага асосан, республика бўйлаб 8та агрологистика маркази, хусусан Тошкент, Самарқанд ва Андижон шаҳарларида мева-сабзавот улгуржи бозорлари барпо этилади.
2020 йил июнида эса Suez компанияси Тошкент шаҳрининг сув таъминоти ва дренаж тизимини янгилаш бўйича, пойтахт ҳокимлиги ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан 7 йил муддатга 142 млн евролик битим тузди.
Ушбу француз компанияси сув ресурслари мутахассисларини тайёрловчи «Uzbekistan Water Academy» лойиҳасини ҳам ташкил этади.
2019 йил сентябрида Total Eren компанияси электр энергиясини сотиб олиш ва ўзининг илк қуёш электр станциясини ишга тушириш бўйича ўзбек расмийлари билан 25 йиллик шартнома тузганди. 100 МВт қувватга эга станция Самарқанд вилоятида қурилиб, 150 минг аҳолини энергия билан таъминлайди.
2019 йил сентябр ойида, шунингдек, Франциянинг Assystem компанияси ва Ўзбекистон энергетика вазирлиги мамлакатдаги энергия тизими бошқаруви бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Француз корхонаси Ўзбекистоннинг янги энергобалансини жорий этиш лойиҳаларини мувофиқлаштиришга кўмаклашади.
2019 йилда Orano Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси билан ҳамкорлик келишувини тузди. Унга асосан, компания Ўзбекистонда кон қидирув ишлари ва уран қазиб олиш соҳасини ривожлантиришда иштирок этади. Ҳамкорлар ташкил этган қўшма корхонанинг 51 фоиз улуши Orano'га, 49 фоизи Геология қўмитасига тегишли.
Le Moci журнали мақоласида, шунингдек, Orex Loisirs, Campagnie des Alpes, Geode ва Egis француз компаниялари консорциуми Тошкент вилоятида «Билдирсой–Чимён–Нанай» лойиҳасини амалга ошираётгани ҳам эслаб ўтилган.