Маълум бўлишича, Чилонзор туманида собиқ “ФОНОН” илмий-ишлаб чиқариш корхонаси негизида “Gold Moon Tashkent” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини бошлаган. У ерда заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади. Президент ушбу корхона фаолияти билан танишди. Маълумотларга кўра, ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 21 миллион доллар. Корхонада йилига 6 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади ва маҳсулотларнинг 15 фоизи Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинади.
Заргарлик халқимизда азалдан бўлган, бугун ҳам бор. Бизнинг мақсадимиз - ёшларни замонавий технологиялар ва дизайнга ўргатиб, камида 10 минг нафар йигит-қизни иш билан таъминлаш, Ўзбекистон миллий брендини жаҳон бозорига чиқариш. Юртимизда хомашё, қўли гул ҳунармандлар бор. Бу соҳа миллий анъаналарни тиклаш, ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан ҳам катта пойдевор, – деди Шавкат Мирзиёев.