Самарқанд шаҳри кунида samarqandim.uz веб-сайтига асос солинди…

Самарқанд шаҳри кунида samarqandim.uz веб-сайтига асос солинди…
18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни. Мазкур сана муносабати билан Самарқанд давлат университетида “Ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги нурафшон абадий шаҳар” мавзусида анжуман бўлиб ўтди.

Самарқанд шаҳри кунида samarqandim.uz веб-сайтига асос солинди…


Байрам тантаналарида Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов, Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров, филология фанлари доктори профессор Жўлибой Элтазаровлар Самарқандимизнинг бугуни, эртаси ҳақида маъруза қилишди.

Анжуманда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосарлари Ҳусан Тўхтаев, Рустам Қобилов, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.



Тадбир “Суратлардаги Самарқанд” фотокўргазмасининг очилиши билан бошланди. Кўргазманинг рамзий лентаси қирқилди.

Ушбу кўргазмада 50 дан ортиқ фотосуратлар жамланган бўлиб, бир сурат тарихга саёҳат бўлса, иккинчи сурат бугунги Самарқандимиз ҳақида ҳикоя қилади. Учинчи сурат Самарқанднинг лабзи ҳалол, қалби дарё, марду майдон фарзандлари ҳаётидан ҳикоядир...

Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги байрами арафасида “Самарқандим” журнали чоп этилиб, Самарқандликларга тақдим этилганди. Самарқанд шаҳри куни муносабати билан мазкур лойиҳанинг давоми сифатида samarqandim.uz веб-сайтига асос солинди. Мазкур сайт ўзбек, хитой, инглиз тилларида фаолият юритади.



“Самарқандим” журнали ва samarqandim.uz веб-сайтидан кўзланган мақсад Самарқандимиз тарихини чуқурроқ ўрганиш ҳамда ўзгаларга ўргатишдир. Тадбир доирасида samarqandim.uz веб-сайтининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Рустам Холмуродов, Самарқанд давлат университети ректори:

- Мен Самарқанд фарзанди сифатида бу муқаддас тупроқдан қарздорлик ҳисси билан яшайман. Самарқанд номи, Самарқанд шони, Самарқанднинг буюк ўтмиши миллатимизни дунё олдидаги ўрнини, обрў-эътиборини белгилайдиган омиллардан биридир. Самарқанд давлат университети томонидан катта лойиҳага қўл урилди. Дастлаб, “Самарқандим” ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий, тарихий, оммабоп журналига асос солинди. Дунёнинг энг қадимий шаҳарларининг ўз журналлари бор. Масалан Рим, Истанбул каби. Мана шу бўшлиқни тўлдириш мақсадида “Самарқандим” журнали дунё юзини кўрди. Менинг назаримда она Самарқандимиз бундай эътирофга лойиқ.



Бугун мазкур лойиҳанинг давоми сифатида samarqandim.uz веб-сайтини ишга туширишдай тарихий воқеага гувоҳ бўлиб турибмиз. Алоҳида таъкидлашни истардимки, samarqandim.uz бугунги кунда уч тилда: ўзбек, хитой, инглиз тилларида фаолият юритади. Бу фақат бошланиши. Лойиҳани давом эттириб, 2025 йилдан samarqandim.uz веб-сайтига яна камида икки тилда маълумотлар жойлаштирилади.

“Самарқандим” журнали, samarqandim.uz веб-сайти яратилишидан кўзланган мақсад Самарқандимиз тарихини ўзимиз ҳам чуқурроқ ўрганиш, ўзгаларга ҳам ўргатишдир. Самарқандимизнинг дунё олдида намойиш қилиш, жаҳон халқларини Самарқандимизга чорлашдир. Бугун биз истаймизми йўқми, интернет замонида яшаяпмиз. Шу боис «Самарқандим» журналининг ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилилаётган босма нашри билан чегараланмасдан samarqandim.uz веб-сайтига ҳам асос солинди. Лойиҳаларимизни доимий равишда қўллаб-қувватлаб келаётгани учун Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Оқбўтаевич Турдимовга самимий миннатдорлигимни билдираман. Samarqandim. uz барчамизга муборак бўлсин!

Тадбир якунида Самарқанд давлат университетида фаолият кўрсатаётган ва таҳсил олаётган Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Германия, Корея, Япониялик профессор-ўқитувчи ва талабалар байрам билан барчани табриклади.

Эмраҳ Йилмаз, Туркология илмий тадқиқот институти доценти:

- Самарқанд санъат тарихи жиҳатидан ўзига хос шаҳар. Регистон, Шоҳи Зинда, Амир Темур мақбараси, Бибихоним каби маданий бойликлар бунга тўла асос бўлади. Дунёга машҳур Тож Маҳал ўзининг илҳомини муҳташам Амир Темур мақбарасидан олган. У олижаноб руҳ эгаси ва назаримда ер юзининг олтин тожли маликаси... Самарқанд меҳр булоғи, гўзаллик ёдгорлиги... Самарқанд Ипак йўли савдо марказида бўлгани учун бой маданий ҳавзага эга ва бутун дунё учун ҳақиқий сайёҳлик марказига айланган. Сиёб бозори кўплаб сайёҳлик шаҳарларида учрамайдиган хусусиятга эга. У маҳаллий аҳоли томонидан ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам таътиб кўриш, ҳам харид қилиш имкониятини беради. Мовий гумбазлар билан қопланган мадрасалари, кошинлар билан безатилган карвонсаройлари, муҳташам масжидлари, ижтимоий мажмуалари билан Самарқанд очиқ осмон остидаги музейни эслатади. Туркияда бу гўзал рангларни тасвирлаш учун “Самарқанд мовийси” ёки “Самарқанд ферузаси” каби иборалар қўлланилади. Хуллас гўзал мозаик безаклар, зарҳал геометрик нақшлар, дераза токчаларигача безатилган деворлар... Самарқанд ўз меҳмонларини бир сония бўлса ҳам кўз узмай, томоша қилишга чорлайди. Самарқанд ғарб сайёҳлари томонидан манбаларда “Дунё кўзгуси”, “Руҳ боғи”, “Шарқ гавҳари”, “Ислом гумбази” сифатида тасвирланган. Самарқанд шаҳри куни барчага муборак бўлсин.

Эва Ортманн, Геттинген университети эроншунослик институти директори, профессор:

- Тарихчи бўлганлигим боис кўп шаҳарларда бўлганман. Қадимий шаҳарлар тарихини ўрганганман. Ҳар бир даврда Самарқанд цвилизация ва маданият маркази бўлиб келган. Мен учун Самарқандда бўлиш шараф, бундан фахрланаман. Самарқандга кўп марта келганман. Бугун менга Самарқанд шаҳри кунини нишонлаш насиб қилди, хурсандман. Менга бирор бир шаҳарда яшаш имконияти берилса, Самарқандни танлардим. Барча самарқандликларни қутлуғ кун билан табриклайман.



samarqandim.uz сайтидан олинди
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Самарқанд шаҳри кунида samarqandim.uz веб-сайтига асос солинди…