Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди
Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди.
Маълумки, жорий йилнинг 5 август куни Президент томонидан «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонун имзоланган эди. Мазкур Қонунда белгиланганидек, бугун, 8 ноябрь кунидан Қонун расман кучга кирди.

Қонунга кўра, фуқаролар қуйидаги кўчмас мулкларни ўз номига (ижара ва мулк ҳуқуқи асосида) қонуний ўтказиб олиши мумкин:

– 2018 йил 1 май кунигача якка тартибдаги уй-жой қуриб ўзбошимчалик билан эгаллаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;

– 2018 йил 1 май кунигача фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;

– «бир марталик акция» доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;

– 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер;

– боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер;

– кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ери;

– давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер;

– ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкаси.

Кўчмас мулкни қонунийлаштириш учун улар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

– ер бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаган бўлиши;

– ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;

– ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;

– муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги;

– бош режа талабларига зид эмаслиги (мавжуд бўлса);

– ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар (инвестиция мажбурияти бажарилганлиги, ширкат аъзоси ҳисобланиши ва бошқалар).

Қонунга кўра, якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмгача берилади:

– 1998 йил 1 июлгача эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача;

– 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда.

Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.

Ҳуқуқларни эътироф этиш ҳудудлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади, бунинг учун Кадастр агентлиги ҳар йили режа-жадвал тасдиқлайди, унга асосан:

– Кадастр агентлиги Автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиб, унга барча ерлар бўйича 6 хил турдаги бирламчи маълумотларни киритади;

– 10 та ваколатли орган (ҳокимлик, қурилиш, экология, солиқ, «Ўзбеккосмос» агентлиги ва бошқалар) ҳар бир ер участкаси бўйича ўз ваколатидаги маълумотларни тизимга киритади;

– тизимда шакллантирилган электрон йиғмажилд маҳалла биноларида, Кадастр агентлиги сайтида ҳамда бошқа манбаларда эълон қилинади.

Тўпланган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги адлия органлари томонидан ўрганиб чиқилади.

Ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан хабарнома юборилади.

Хабарнома асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга ҳар чоракда халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади (ерга – ижара ҳуқуқи, бино-иншоотга – мулк ҳуқуқи).

Қонунга кўра, ер ва биноларни қонунийлаштириш учун қуйидаги миқдорларда бир марталик тўлов ундирилади:

– Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 5 баравари (1 млн 875 минг сўм);

– Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм);

– вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда – БҲМнинг 2 баравари (750 минг сўм);

– бошқа аҳоли пунктларида – БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм);

– қолган ҳолларда бир марталик тўлов тегишли ҳудуддаги ўртача аукцион баҳоси миқдорида тўланади.

Шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлари, олдинги «акция» вақтида йиғим тўлаган шахслар тўловдан озод қилинади, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган шахсларга 50 фоиз чегирма берилади.

Қонунга мувофиқ, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларига қурилган кўчмас мулк объектларини аниқлаш мақсадида 2024-2025 йилларда хатлов қилинадиган маҳаллалар режа-жадвали тасдиқланди, деб хабар берди Кадастр агентлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, тасдиқланган режа-график Кадастр агентлигининг kadastr.uz сайтига жойлаштирилди. Фуқаролаар сайтга кириб ўзининг ҳудудида хатлов ишлари қачон амалга оширилишини билиб олиши мумкин.

Манба

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Самарқанд давлат университети битирувчилари дунёнинг топ-100 талик университетида магистратурани давом эттиради…

2022 йил Самарқанд давлат университети Италиянинг Болонья университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Унга кўра СамДУ...
6-12-2024, 11:20

Самарқанд давлат университети Хитойдаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни давом эттиради…

Самарқанд давлат университетига Шенси провинциясининг (Хитой) Бош прокурори Ван Юн бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар билан...
4-12-2024, 09:27

Ватан ва Виждон

Инсонга ота-онани ва Ватанни танлаш имконияти берилмаган. Дунёга келган ва киндик қонимиз тўкилган манзил Ватан ҳисобланади. Худди,...
3-12-2024, 08:58

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
29-11-2024, 12:34

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42
Ўзбекистон янгиликлари » Сиёсат » Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди