Ушбу жиноят 27 ва 18 ёшли опа-сингиллар томонидан содир этилгани маълум бўлди.
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи 21 ёшли фуқаро 8 ноябрь куни туман ИИО ФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида, 2022 йилнинг 7 ноябрь куни унга тегишли бўлган пластик картадан 58 миллион 984 минг сўм миқдоридаги пул номаълум шахс томонидан ечиб олинганини маълум қилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида, ушбу жиноят 27 ва 18 ёшли опа-сингиллар томонидан содир этилгани маълум бўлган.
Жиноят иши доирасида, гумонланувчилар сўроқ қилинганида, 27 ёшли аёл пластик картани ўзи оператор бўлиб ишлайдиган "Малика" савдо мажмуасида жойлашган дўкондан топиб олгани, кейинчалик топиб олинган пластик карта тўғрисида ўзининг синглисига хабар бериб, биргаликда банкомат олдига боргани ва таваккал қилиб, пароль тариқасида 7777 рақамини тергани, шу тариқа пластик картанинг ҳимоя кодини билиб олиб, унда бўлган пулларини ечиб олганини маълум қилган.
Ҳолат юзасидан Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан опа-сингилларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми "б" ва "г" бандлари (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этаётгани маълум қилинган.
"Ҳурматли фуқаролар, жиноятчиларнинг ишини осонлаштириб, пластик картангизга оддий пароль қўйманг!", дея огоҳлантирилган ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабарида.