Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходими ҳам Чилонзор ҳокимлиги ходими пора билан ушланган ишга алоқадор экани маълум бўлди. Бу ҳақда Хабар нашри хабар қилди.
Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 52 ёшли Б.А. ва Чилонзор туман ҳокимлиги Инвестиция ва туризмни ривожлантириш бўлими бошлиғи, 35 ёшли Х.Ш. Чилонзордаги 1 гектар футбол майдонининг ҳар бир сотихини 14 минг доллардан баҳолаб, тадбиркорга 1,4 миллион долларга сотмоқчи бўлган. Бу ҳақда ҳуқуқ тартибот органларига хабар келиб тушган. Шундан сўнг шу йил 24 июнда тадбиркор пойтахт ҳокимлиги ходимига 50 минг долларни «закалат» тариқасида бераётган вақтда қўлга олинган. Қолган пуллар 1 ҳафатада берилиши керак бўлган. Ходим қўлга олингач бу пулларни Чилонзор тумани ҳокимлиги ходимига олиб бориши кераклигини айтган. Иш давом эттирилиб, 25 июнда яна бир ходим қўлга олинган.
Ҳозирда ҳолат бўйича ЖКнинг 20-моддаси (Пора олиш) ва 212-моддаси (Пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумондорлар қамоққа олинган.