ДХХ, Прокуратура ва Ички ишлар органлари ҳамкорликда Ўзбекистонда коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ бир нечта ҳолатларга чек қўйгани айтилмоқда. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Хусусан, ҳуқуқ тартибот органларининг саъйи ҳаракатлари билан аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шундан сўнг Чилонзор тумани ҳокимлиги ходимлари қўлга олинганини ёзган эдик.
Мухбиримизнинг қўшимча қилишича, ходимлар Тошкент вилоятида ҳам коррупция билан боғлиқ ҳолатга чек қўйган. Жумладан, Янгийўлда ички ишлар бўлимининг майор унвонидаги масъул ходими маҳаллий фуқарони “Чинобод нефть база” МЧЖнинг филиалларининг бирига раҳбар қилиб қўяман деб ундан 50 минг сўраган. Майор сўраган пулининг 10 минггини олаётганда ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.
Шунингдек, ходимлар саъйи ҳаракати билан Самарқандда ўқишга киритишни ваъда қилиб, пул талаб қилган шахслар ҳам ушланган. Ана шундай ҳолатларнинг бири Самарқанд давлат университетида кузатилган. У ерда ишловчи ходим икки кишини таниши орқали ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 6 минг долларни олаётган вақтда ушланишган.
Бундан ташқари, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўқитувчиси ўзи ишлайдиган олийгоҳга икки кишини бюджетга ўқишга олиб кираман деб, ҳар биридан 5 минг доллар сўраган. Пулларнинг 2 минг долларини олаётган вақтда эса у ҳам қўлга олинган.
Юқорида келтирилган барча ҳолатлар бўйича ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган.