Навоийда амакисиникига меҳмонга борган 16 ёшли ўсмир уй эгасининг 5 ёшли қизини пичоқлаб ўлдирди ва марҳумнинг онасига тан жароҳати етказди. Бу ҳақда ИИВ хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 8 июль куни зарафшонлик 16 ёшли ўсмир ота-онаси билан бирга Навбаҳордаги 35 ёшли амакисиникига меҳмондорчиликка боради. У ерда амакисининг 5 ёшли ўгай қизини пичоқ билан бўйин соҳасига уриб, қасддан ўлдирган. Буни кўриб қолган қизнинг онасига ҳам пичоқ билан ҳужум қилиб, жароҳат етказган. Ҳозирда 32 ёшли аёл реанимацияда экани айтилмоқда.
Ҳозирда ўсмир ушланган. Вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник И.Тиллаевнинг айтишича, оиладаги носоғлом муҳит, руҳият ва онгнинг мўртлиги, меҳрсизлик ҳамда итоатсизлик воқеага сабаб бўлган. Лекин ўсмир 5 ёшли қизни пичоқлаб ўлдиргани ва унинг онасига ҳам пичоқ билан ҳужум қилганининг асосий сабаби очиқланмаган.