Сурхондарёда туман ҳокими ва ички ишлар раҳбари судьяни блокпостда обрўсизлантирди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 10 июль соат 8.30 ларда Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон тумани судининг раиси Я.Беккамов ҳамда ҳайдовчи Р.Раҳимназаров ва Жарқўрғон тумани маъмурий судининг раиси Х.Раҳимова ҳамда ҳайдовчиси ишга кетаётганда туман марказида уларнинг автомобили блокпостда тўхтатилган.
У ерда туман ҳокими З.Давлатов, ИИБ бошлиғи Б.Хидиров ва ўринбосари Ш.Азизбердиевлар бўлган. Улар судьяларнинг автомобилини тўхтатиб, ишга боришга йўл қўймаган. Бундан ташқари, юқорида қайд этилган мутасаддилар судьяларни бошқаларнинг олдида обрўсизлантирган. Ҳайдовчи Р.Раҳимназаровни куч ишлатиб ички ишлар ходимларига тегишли автомобилга ўтқазишган. Шунингдек, туман судига тегишли автомобилнинг калити ҳам олиб қўйилган. Тиббий экспертиза ҳам куч ишлатилганини тасдиқлаган. Шунингдек, ҳайдовчи хибсхонада сақлангани ҳам маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур иш вилоят прокуратурасига юборилган. Эслатиб ўтамиз, махсус комиссия қарорига кўра судьялар махсус стикерларсиз хизмат автомашинасида ўз ишхонасига боришга рухсат берилган.
Бош прокуратуранинг хабар қилишича, ушбу иш Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.