Тошкентда Россиядан келиб карантинга олинган фуқаро 4-қаватдан ўзини ташлаб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар қилди.
Маълум бўлишича, 4 август куни чартер рейс билан Россиянинг Қозон шаҳридан келган сурхондарёлик 31 ёшли эркак пойтахтдаги Саёҳат меҳмонхонасида карантинга олинган. Эркакдан коронавирусга тест олинган ва 9 августда унда касаллик йўқлиги аниқланган.
Шу йил 10 август куни эса сурхондарёлик эркак меҳмонхонанинг 4-қаватидан ўзини ташлаб, жонига қасд қилган. У билан бир хонада бўлган фуқаро сўнгги кунларда эркак хотини ва болалари Қозонда қолганидан сиқилиб юрганини айтган. Шундан келиб чиқиб эркак руҳий зўриқиш натижасида ўзини ёмон ҳис қилиб, жонига қасд қилган бўлиши мумкин деган таҳмин ҳам ўртага ташланмоқда.
Ҳозирда Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.