Номусга тегишда айбланаётган Жасур Умировнинг иши бўйича ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан янги маълумотлар эълон қилинди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, ҳодиса 2020 йилнинг 13 июнь санасида рўй берган. Ўша куни Ургут тумани “Оқмачит” маҳалласида яшовчи, 2003 йилда таваллуд топган қиз хонанда Жасур Умиров билан таниш бўлган Каттақўроннинг “Каттакўрпа” маҳалласида яшовчи дугонаси (у ҳам 2003 йилда туғилган) билан хонанда билан танишиш мақсадида борганида Умиров уларни танишининг уйига олиб борган. У ерда хонанда қизга пиво ичиртириб, ожизлигидан фойдаланиб, номусига теккан. Шунингдек, ўша куни қизнинг номусига Умировнинг иккита таниши, А.З. ва Ш.Қ.лар ҳам теккан. Дастлаб, қиз ўз хоҳишига кўра йигитлар билан жинсий алоқа қилган деган хулосага келиниб Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноий иш қўзғатилмайдиган бўлган. Лекин кейинчалик иш қайта кўрилиб, Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан хонандага нисбатан ЖКнинг 118-моддаси 1-қисми (номусга тегиш) билан жиноий иш қўзғатилган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида хонандани ҳибсга олиш бўйича қарор чиқарилган. Лекин унинг иккита танишига эса 238-моддаси 1-қисми (ёлғон гувоҳлик бериш) ҳамда 241-моддаси 2-қисмлари (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) билан айблов эълон қилинган. Уларга нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ишда Умировнинг айби тўлиқ исботланган эди. Эндиликда иш вилоят прокуратурасидан Жиноят ишлари бўйича вилоят судига топширилган.