Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги 44-сонли Жазони ижро этиш манзил колониясидан қочган икки нафар ва Бўка туманидаги 43-сонли Жазони ижро этиш манзил колониясидан қочган бир нафар шахс таксичини тўнаб кетди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 4 январь куни 3 нафар қамоқхонадан қочганлар соат 20:00ларда Кобальт ҳайдовчисидан Намангандан Тошкентга элтиб қўйишни сўраб, 360 минг сўм таклиф қилган. Сўнгра улар йўлга чиққан. Оҳангарон туманига келганда уч нафар шахс ҳайдовчига ҳужум қилиб, қўл-оёқларини боғлаб машина юкхонасига солиб қўйган ва йўлда давом этишган. Улар Жиззах шаҳрига келганда машинани йўл четида қолдирган. Таъкидланишича, улар машинадан 500 доллар, битта телефон ва ҳайдовчининг бош ҳамда оёқ кийимларини олиб қочган.
Ҳайдовчи ўз саъйи-ҳаракатлари билан юкхоналан чиқиб олган ва ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, қамоқхонадан қочган шахслар қуйидагилар:
30 ёшли наманганлик Улуғбек Адашев. У Оҳангарондаги қамоқхонадан қочган.
35 ёшли фарғоналик Азизбек Маҳкамов. У ҳам Оҳангарондаги қамоқхонадан қочган.
25 ёшли наманганлик Умиджон Исоқжонов эса Бўкадаги қамоқхонадан қочган.
Ҳозирда улар қидирувдалиги айтилмоқда. Лекин тармоқларда тарқалган хабарларда уларнинг барчаси ушлангани айтилмоқда. Расмий хабар берилиши кутилмоқда.