Бугунги кунда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар вакилларига ёки уларнинг фарзандларига тўланадиган нафақаларни белгилаш тартиблари ўзгармоқда, яъни инсон омили аралашмайдиган шаффоф механизим шакллантирилмоқда. Ўз навбатида аҳоли вакилларининг янгича тизимга мослашиши ва тушуниши бироз қийин кечаётгани ҳам бор гап. Боиси, ушбу масала юзасидан кунора мурожаатлар ҳам келиб тушмоқда. Хўш, янги тизимнинг қулайлик ва афзаллик томонлари қандай? Болалар нафақаси қандай тартибда расмийлаштирилади?
Мамлакатимиз аҳолисининг ижтимоий ва моддий муҳофаза қилинишини таъминлайдиган ва жамиятда қарор топган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий чора-тадбирлар давлат сиёсатининг муҳим омили ҳисобланади. Жамиятдаги аҳолининг ёши, саломатлик ҳолати, ижтимоий аҳволи, тирикчилик воситалари билан етарли таъминланмагани туфайли ёрдамга, кўмакка муҳтож фуқароларга ёрдам кўрсатиш азалий қадриятлардан саналади.
Ривожланган демократик жамиятда ижтимоий ҳимоя вазифаларини бажаришни давлат ўз зиммасига олади. Ижтимоий ҳимоя тушунчаси биринчи марта 1935 йилда АҚШнинг “Ижтимоий хафсизлик бўйича қонун”ида қўлланилган, кейинчалик Ҳалқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларида бу тушунча мазмуни мукаммаллаштирилган.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга қаратилаётган эътибордан дарак беради, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи Жамшид Раҳмонқулов. – Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 10 ноябрдаги “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон шаклда ариза беришни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 596-сонли қарорининг қабул қилиниши ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг узвий давоми десак адашмаймиз. Хусусан, 2023 йил 1 декабрдан соҳани рақамлаштириш орқали ижтимоий ҳимоя тизими шаффофлигини таъминлаш ва жараёнларни аҳоли учун қулай тарзда ташкил қилиш мақсадида амалдаги тартиб сақланиб қолган ҳолда 2024 йил 1 апрелдан кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн ариза тақдим этиш тартиби жорий этилади.
Масъулнинг изоҳ беришича, чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолият турини амалга оширувчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар Давлат персоналлаштириш марказининг электрон маълумотига асосан автоматик равишда бандлигини аниқлаш тартиби жорий этилмоқда. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий нафақалар билан қамраб олишнинг манзиллилигини ошириш мақсадида оиланинг руҳий касалликлар диспансери рўйхатидаги аъзосига меҳнат органида ишсиз сифатида рўйхатда туриш талаби бекор қилинмоқда.
Расман никоҳи бекор қилинмаган, бироқ фарзандини ёлғиз тарбиялаётган оналарнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида расман никоҳи бекор қилинмаган ҳолда суд қарорига асосан алимент тўлаб турган турмуш ўртоғи оила таркибига киритилмаслиги белгиланмоқда.
2023 йил 1 ноябрдан бошлаб болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оиланинг иқтисодий аҳволи ўзгариши ҳар ойда қайта ариза талаб этмаган ҳолда манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимларидан электрон шаклда олинган маълумотларга мувофиқ автоматик тарзда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали қайта ўрганилади.
2023 йил 16 ноябрдан бошлаб ишсиз, лекин бандлик органларига маслаҳат учун мурожаат қилганлигини инобатга олиб, болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинланган оилалар, нафақа тайинланган ойдан бошлаб 3 ой давомида меҳнатга лаёқатли аъзоларини меҳнат органи орқали касбга тайёрлаш, малака ошириш, қайта тайёрлаш ўқув курсларида ўқимаса, марказда иш изловчи ёки ишсиз сифатида рўйхатга олинмаса, меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифларини мунтазам равишда рад этса ёки меҳнат фаолиятини расмийлаштирмаса кейинги ойдан тўлов тўхтатиш амалиёти жорий этилмоқда.
2024 йил 16 июлдан Солиқ қўмитасининг фуқароларнинг иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларида иш ҳақи тўғрисида маълумотлари мавжуд бўлган шахсларни меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобда турганда расмий банд шахс сифатида қабул қилиш тартиби белгиланмоқда.
– Амалдаги тартиб бўйича Кадастр агентлиги ахборот тизимида томорқа ери мавжуд бўлганда ҳар 4 сотих ерга бир оила аъзоси автоматик равишда (ундан фойдаланишидан қатъи назар) банд бўлган шахс сифатида инобатга олинади ҳамда расмий даромад талаб этилмасдан болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинланади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қашқадарё вилояти бошқармаси ижтимоий тўловлар шуъбаси бош мутахассиси Сардор Қаҳҳоров. – Оила аъзоси I ёки II гуруҳ ва 18 ёшгача болаликдан ногирон бўлган тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган фарзанди бор оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларидан расмий бандлик талаб этмаслик бўйича тартиб жорий этилмоқда. Эгалигида енгил автотранспорт воситасининг ишлаб чиқарилган муддати 12 йилгача бўлган оилаларга нафақа олишга чеклов белгиланмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, хусусий секторларда ишловчи оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар корхона томонидан бола икки ёшга етгунча уни парваришлаш учун бериладиган ҳар ойлик нафақани олиш муддати тугаганидан сўнг болалар нафақасини олиш учун маҳалла фуқаролар йиғинларига мурожаат қилиши мумкин.
Расмий даромад манбаларига эга бўлмаган “Темир дафтар” рўйхатида бўлган оилаларга болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлашда расмий бандлик талаб этиш бўйича чекловлар бекор қилинмоқда.
Болалар нафақаси тайинланган оилада навбатдаги бола туғилганда болалар нафақаси миқдори болаларнинг тегишли сонидан келиб чиқиб, кейинги ойдан бошлаб қайта ҳисобланади.
Бунда 2024 йил 1 январдан бошлаб нафақа миқдорини қайта ҳисоблаш “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими томонидан автоматлаштирилган тарзда манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимларидан электрон шаклда тақдим этилган маълумотларга асосан амалга оширилади.
Масъулларнинг маълум қилишича, 2023 йилнинг декабрь ойи ҳолатига кўра, вилоят бўйича болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони 254 мингтани ташкил этмоқда.
Бундай хайрли ишларнинг амалга оширилиши бағри кенглик тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир. Шундай экан, бу каби қарорларнинг ҳаётимиз ва келажагимиз учун асосий аҳамият касб этишини ҳар бир фуқаро ҳис этмоғи ва билмоғи жоиз.
манба: uza.uz