Отажонов бу сафар Ўзбекистон Президентига мурожаат қилиб, ундан туман ҳокими лавозимини сўради. Собиқ хонанда нашрларда Андижонда 16 нафар ёш йигит қизлар туман ва шаҳар ҳокимлигига 10 кунга ҳоким этиб тайинлангани ҳақидаги хабарларни ўқигандан сўнг ушбу фикрга келганини айтиб, Президентдан 17-ҳоким қилиб уни тайинлашини сўраган.
“Қайсидир туман ҳокимиятини менга топширсангиз. Энг кичкина, шароити оғир бўлган туманни берсангиз ҳам Аллоҳ учун хизмат қилишга тайёрман. Шундай туманни кўтариб бериш учун шароит яратиб беришингизни сўрайман. Мен туман ҳокими яшайдиган ҳар қанақа комфортлардан воз кечаман. Менга ҳеч нарса керак эмас. Ўзимнинг машинам билан бораман. Яшашга жой бўлмаса бир кун у уйда, бир кун бу уйда яшашга тайёрман”, – дейди Отажонов.
У мазкур видеомурожаат давлат раҳбаригача етиб боришига ишончи комиллигини айтган. Отажонов шунингдек, 24 январда Тошкентга келишини ҳам таъкидлаб ўтган.