Ёз шиддат билан ўтди. Фарзандларимиз учун беташвиш таътил ойлари тугаб, янги ўқув йили эшик қоқяпти! Бу эса ёздаги анча эркин кун тартибидан сергакланиш кераклигини билдиради. Қандай қилиб дам олиш кунлари якунини енгил қабул қилиш ва таътилдан кейин болани мактаб ўқув тартибига қайтариш ҳақида фикр юритамиз.
Бугундан бошлаб болалар учун уйқу жадвалига риоя қилинг. Дарҳақиқат, кўпинча мактабга қайтишни истамаслик, бошқа баҳоналар қатори, эрта уйғониш "азоби" билан боғлиқ. Шунинг учун болани олдиндан тайёрлашга ҳаракат қилинг. Шубҳасиз, бола 21:00 да ухлашни истамаслиги мумкин. Шундай бўлса ҳам фарзандингиздан одатдагидан вақтлироқ ётишни сўранг. Бола ётган заҳоти ухлаб қолмаса ҳам, кундузги машғулотларни эрта тарк этади ва руҳий, жисмоний ҳордиқ чиқаради.
Иккинчидан, болани руҳан қўллаб-қувватлаш. Унда ишонч ҳосил қилинг. Уни жуда яхши тушунаётганингизни билдиринг. Болалигингизда ёзги таътиллар тугашини қанчалик истамаганингизни эсланг.
Учинчидан, рағбатлантириш. Мактаб учун янги сотиб олинган қалам қутиси, ручкалар, дафтарлар - одатда бу харидлар болаларга қувонч ва тезроқ мактабга қайтиш истагини уйғотади. Фарзандингизга имкони борича ўзига керак бўлган ҳамма нарсани ўзи танлашига рухсат беринг. Унга уйда дарс тайёрлаш учун қулай шароит яратинг.
Тўртинчидан, болангизга мактаб нафақат ёқимсиз эрта уйғониш ва уй вазифалари балки таътилда кўрмаган дўстлари билан учрашув, янги қизиқарли фанлар эканлигини эслатинг. Фарзандингиз ўз таътили ҳақида дўстларига қандай қизиқарли нарсаларни айтиб беришини муҳокама қилинг.
Манба