Нуфузли анжуманда Россия, Япония, Қозоғистон, Қирғизстон, Тожикистон, Озарбайжон, Белоруссия каби давлатлардан 120 дан ортиқ талабалар иштирок этмоқда. Тўрт кун давом этадиган халқаро форум Самарқанд давлат университети ва Олтой давлат университети ҳамкорлигида ўтмоқда.
Тадбирни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Осиё университетлари ассоциацияси президенти Рустам Холмуродов кириш сўз билан очди:
- Осиё университетлари ассоциацияси ва Самарқанд давлат университети номидан форум иштирокчилари, меҳмонлари ва ташкилотчиларини табриклайман! Замонавий жамиятда демократик институтларни ривожлантириш ва фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар жамоат бирлашмалари ва ташкилотларини ривожлантиришда ёш лидерларнинг роли ортиб бормоқда. Форумимиз ёшларга талабалар ҳамкорлигини амалга ошириш механизмлари ҳақида тушунчаларини кенгайтириш, уни ривожлантириш ва такомиллаштириш йўлларини таклиф қилиш имкониятини бериш учун мўлжалланган. Форум иштирокчиларидан бугунги кунда ҳаётга татбиқ этилиши мумкин бўлган қизиқарли лойиҳаларни кутамиз. Ишончим комилки, тадбир дўстона муҳитда ўтади. "Ўзбекистон – Осиё 2023” VI Осиё талабалар форуми таълим, илмий, маданий, касбий фаолиятнинг турли соҳаларидаги талабалар ва Осиё мамлакатлари ижодкор фаол ёшлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўзига хос мулоқот майдончасига айланади…
Анъанага муфовиқ форум кординатори Олтой давлат университети форумни қабул қилувчи Самарқанд давлат университетига анжуманнинг фаолиятини баҳолаш учун рейтинг дафтарчасини топширди.
Тадбир давомида талабалар ўзларининг миллий куй-қўшиқларини намойиш қилди.
Анжуман чегарасиз билим олиш имкониятлари; илмий ва инновацион инқилоб орқали келажак сари; тарихсиз келажакни қуриб бўлмайди; талабаларнинг ижтимоий иттифоқлари ва лойиҳалаштириш; ахборот дунёни ўзгартиради: Талабалар оммавий ахборот хизмати каби шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди.
- Жанубий Қозоғистон давлат университетидан келдик, - дейди талаба Камила Ессингелдинова. - Илк бор халқаро форумда иштирок этмоқдаман. Нафақат менинг, балки барча талабаларнинг кайфияти аъло даражада. Ташкилотчиларга раҳмат, барча шароитлар бор. Самарқанд давлат университети менга жуда ёқди. СамДУнинг талабаларига ҳавас қилдим… Форумда бир қатор дўстлар орттирдик. Менежмент соҳасида ўқишим боис илмий ва инновацион инқилоб орқали келажак сари номли шўъбада иштирок этдим. Яхши маърузаларни эшитдим ва бу фойдали бўлди. Ушбу маълумотларни чуқурроқ ўрганиб, илмий иш қилишни ният қилдим…
- Бугунги халқаро форум доирасида қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрини кўришга муяссар бўлдик, биз бундан хурсандмиз, - дейди Ўш давлат университети талабаси Зилола Раҳимова. – Анжуман кўтаринки кайфиятда ўтмоқда. Таассуротларимни дўстларимга улашаман. Осиё талабаларини бирлаштирган форумда халқларнинг миллий урф-одати, маданиятини кўрдик, ўзаро фикр алмашдик. Келажакда ҳамкорликда бир қатор илмий ва халқаро лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдик. Форум иштирокчиларига омад тилайман.
- Ушбу халқаро форум Ўзбекистонда илк бор бизнинг университетимизда ўтказилиши, менга фахр-ифтихор бағишлади, - дейди СамДУ Муҳандислик физикаси институти талабаси Нафиса Раҳмонова. – Форум доирасида физика соҳасига қизиқадиган ва илмий иш олиб бораётган хорижлик талабалар билан танишдим. Бир-биримиз билан манзил алмашиб, ҳамкорлик қилишни режалаштирдик. Бу мен учун айни муддао бўлди.
Халқаро форум давом этмоқда.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.