Гаити президенти Жовенель Моиз номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилди. Бу ҳақда ОАВда хабарлар тарқалди.
Маълум бўлишича, ҳодиса 7 июль тунда соат 01:00ларда содир бўлди. Мамлакатнинг бош вазири вазифасини бажарувчи Клод Жозеф президент қароргоҳига инглиз ва испан тилларида гапирувчи босқинчилар кириб келганини ва давлат раҳбарини ўлдирганини айтган. 53 ёшли президент олган жароҳатлари натижасида вафот этган, унинг хотини Мартина Моиз эса жароҳат олган.
Маълумот ўрнида, Жовенель Моиз 2017 йилнинг февраль ойида президентликка сайланган эди. Ўтган йили февраль ойида эса Гаитида норозилик акциялари бўлиб ўтган. Ўшанда норози шахслар давлат раҳбарининг истеъфосини сўраган. Улар президентни давлатда инфляция кучайиши, коррупция кўпайиши ва иқтисодий вазиятнинг ёмонлашувида айблаган.
Клод Жозеф ўзини вақтинча президент деб эълон қилди.