Ҳар қандай катта муваффақият илк қадамдан бошланади. Бизнесда юқори натижаларга эришиш инсондан кучли меҳнат ва тинимсиз изланишни талаб этади. Кўпчиликнинг наздида ҳар қандай эришилган ютуқ узоқ йиллик тажрибанинг маҳсули бўлади. Хўш, ўз шахсий бизнесини очиш, ҳалол меҳнат ортидан даромад ишлаб топиш учун инсон аввал улғайиб, олий маълумотга эга бўлиши, муайян соҳада тажриба орттириши шартми? Муваффақиятга эришиш йўли неча қадамдан иборат?
1-қадам – ўз олдига мақсад қўйиш
Компьютер технологияларига қизиқиш менда болалигимдан бошланган. Бошланғич синфда ўқиб юрганимда отам компьютер совға қилганди. Шундан кейин аста-секинлик билан компьютерни ўргана бошладим. Бу борада мени ҳамиша қўллаб-қувватловчи инсон отам бўлган. Олий ўқув юртига ўқишга кирган пайтларимда янги компьютер олишга шароит тўғри келмай бир муддат эски компьютерда дарс тайёрлашимга тўғри келган. Дарсларда замонавий дастурлар билан ишлай олмаслигим кўп қийинчилик туғдирарди. Отам буни сезган заҳоти менга янги, энг сўнгги русумдаги замонавий компьютер олиб берди. Кейин билсам, уйимиздаги биттаю-битта сигирни сотиб менга янги компьютер олган экан. Буни эшитгач, уйдагиларнинг олдида ўзимни айбдор сеза бошладим, виждоним қийналди. Ўшанда ўзимга-ўзим “Келгусида яхши бизнес очиб, оиламга мен учун сарфлаганларини албатта қайтараман” деб сўз берганман. Ва бу ниятни мақсадга айлантириб, интилишни бошладим.
2-қадам – бошлаш
Тинимсиз саъй-ҳаракатларимнинг натижаси ўлароқ 17 ёшимда дастурлаш орқали илк даромадимни ишлаб топдим ва ўз ўқув марказимни очиб, талабаларга IT соҳаси бўйича дарс бера бошладим. Шундан кейин марказимиз аста-секинлик билан кенгайиб борди. Дастурий таъминот ишлаб чиқишга бўлган талабнинг ортиши ҳамда дастурлаш ва ахборот технологиялари соҳасига қизиқувчи ёшлар сонининг кун сайин ошиб бориши натижасида ишларимиз юришиб кетди.
3-қадам – қўллаб-қувватлаш
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов билан 2021-йил март ойида бўлиб ўтган учрашувда вилоятда ахборот технологиялари ва дастурлаш соҳасини ривожлантиришга қаратилган таклифларимни билдирдим. Таклифим мазмуни йирик кўламда IT соҳасига ихтисослашган ўқув маркази очиш эди. Бу борада вилоят ҳокимидан амалий ёрдам сўрадим. Шундан сўнг ҳоким ташаббуси ва кўмаги билан бизга шаҳар ҳудудида фойдаланилмаётган бўш бинолардан бири ҳеч қандай ижара шартларисиз расмийлаштириб берилди. Янги ташкил этилган марказимизга Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан замонавий мебель жиҳозлари ва 20 дона компьютер совға қилинди. Дастлаб 3 кишидан иборат жамоамиз 10 кишига кенгайди. 100 дан ортиқ талабаларга дастурлаш соҳасидан сабоқ бера бошладик.
4-қадам – тўсиқларни енгиб ўтиш
Бу орада бир қанча муаммолар пайдо бўлди. Биномизни таъмирлаш ва марказ фаолиятини кенгайтириш учун катта миқдорда пул маблағи керак эди. Бунинг учун кредит сўраб кўплаб банкларга мурожаат қилдим, аммо уларнинг ҳеч бири менга ишонмади. Ўзгаларнинг менга нисбатан ишончсизлиги руҳиятимга ҳам салбий таъсир қилди. Кейин ҳамма ишимни йиғиштириб, чет элга ўқишга кетмоқчи бўлдим. Худди шу пайтда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан бизнес лойиҳам учун фоизсиз ва гаров таъминотисиз 100 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши ҳақида хабар келди. Ушбу сармояни ўқув марказ биносини таъмирлаш ва янги филиал очишга сарфладим. Ҳозирда марказимизда 10 дан ортиқ малакали дастурчи, улар қаторида ўзим ҳам 100 дан ортиқ талабаларга дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва IT дастурлари бўйича сабоқ бериб келяпмиз. Шу билан бир қаторда ҳамкасбларим билан таянч ҳаракат тизимида нуқсони борлар учун ҳаракатланишни таъминловчи ускуна ишлаб чиқмоқдамиз. Қўл, оёқ, гавда ҳаракатланиш тизимида ногиронлиги бўлган беморлар унинг ёрдамида бемалол ҳаракатланиши мумкин. Ушбу ускунани мамлакатимиз ҳудудида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш жараёнида ўртача 25 та иш ўрни яратилади.
5-қадам – мукаммал ўйланган режа
Келгусида киберхавфсизлик ва сунъий интеллектга ихтисослашган марказ ташкил этиш режамизда бор. Ҳар йили “Milliy academy ” битирувчилари орасидан энг билимли, маҳоратли талабаларни танлаб олиб, уларни малака ошириш учун чет элга юборамиз. Улар хорижда тажриба ўрганиб қайтгач ушбу янги марказда фаолият бошлайди. Бу ерда хорижий мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорликда сунъий мия яратиш ишларини йўлга қўймоқчимиз. Бу сунъий мия бош мия фалажи касаллигига чалинган беморларнинг миясига ўрнатилади. Ускуна миядаги фалаж ҳужайралар фаолиятини тиклаб, унинг рисоладагидай фаолият юритишини таъминлаб беради. Ушбу тадқиқот дунёнинг айрим мамлакатларида синовдан ўтказилган бўлса ҳам ҳали амалиётга жорий қилинмаган. Биз уни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Шунингдек, келгуси 5 йил ичида таълим кластери асосида фаолият олиб борадиган, IT соҳасига ихтисослашган боғча - мактаб - университет таълим кластерини ташкил қилмоқчимиз.
Бизнес билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларга тавсияларим:
- Ҳар бир йўл қўйилган хато устида ишлаш;
- Асосий кўникмаларни пухта эгаллаш;
- Муаммоли вазиятларга нисбатан позитив ёндашиш;
- Изланувчанлик ва керакли маълумотлардан унумли фойдалана олиш;
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси.
Шавкат Акрамов олган суратлар
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси.
Шавкат Акрамов олган суратлар