Бутун дунёда кузатилаётган нархларнинг кескин ошиши Ўзбекистонда бензин нархига салбий таъсир кўрсатмоқда, деб хабар беради “Ўзбекнефтгаз”. Компания бугунги кунда мамлакатдаги энг оммабоп АИ-80 бензини ёқилғи қуйиш шохобчаларида 6800 сўмга кўтарилганига шундай изоҳ берди. Шу билан бирга, бошқа хусусий ёқилғи қуйиш шохобчаларида ҳам нарх янада қимматроқ, деб хабар беради EVERYDAY.UZ мухбири.
"Жаҳон бозорида Брент маркали нефт нархининг ўзгариши бутун дунё бўйлаб бензин ва бошқа нефт маҳсулотлари нархининг кўтарилиши ёки пасайишига таъсир қилувчи муҳим омил ҳисобланади. Бугунги кунда АҚШда бензин нархи рекорд даражада юқори. Европа мамлакатларида: Германия, Швеция, Нидерландия, Исландия, Греция, Дания, Финляндия, Норвегия ва Белгияда нархлар ўсишда давом этмоқда”, — дейилади компания хабарида.
Мисол учун, йил бошидан бери нефт котировкалари 1,3 баробарга (баррелига 115 доллар), Европа мамлакатларидаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида чакана бензин нархи эса 1,2-2 баробарга ошиб, тарихий антирекордларни янгилади.
“Ўзбекнефтгаз” компанияси нефт ва газ, жумладан, бензинга ўсиб бораётган талабни қондириш орқали республикада нархлар барқарорлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўраётганини таъкидлади. Нархлар ўзгаришининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари оширилмоқда, янги қайта ишлаш қувватлари ишга туширилмоқда.
2022 йилнинг 5 ойи давомида корхонада 657,5 минг тонна углеводород (ўсиш – 1,2 фоиз) ишлаб чиқарилди, нефтни қайта ишлаш заводларида 626,1 минг тонна хомашё қайта ишланди (ўсиш – 7,6 фоиз), 381,4 минг тонна бензин ишлаб чиқарилди (ўсиш – 6,7 фоиз).
Автомобил бензини ишлаб чиқарувчилар томонидан биржа савдолари орқали сотилади. “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилган барча ҳажмлар Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи омборига юклаш шарти билан, арзон бошланғич нархларда – барча солиқлар билан 1 тоннаси учун 3 миллион сўм бўйича Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси рўйхатига киритилган.
Шу билан бирга, йил бошида биржа аукционларида АИ-80 русумли автобензиннинг ўртача нархи 1 тоннаси учун 7-7,3 миллион сўмни (1 литри 5300-5500 сўм) ташкил этган бўлса, бугунги кунда 8,4-8,7 миллион сўмни ташкил қилмоқда ( 1 литр учун 6300-6500 сўм).
Энди Тошкентдаги йирик ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 бензинининг 1 литри нархи қуйидагича: UNG Petro, IBR, Miss, Poytaxt Oil – 6800 сўм, Mustang – 6900 сўм, luck Oil – 6990 сўм, Intran Service – 7000 сўм. TAT neft – 7400 сўм.